Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича Бухоро вилояти комиссиясининг 2024 йилдаги фаолияти якунлари таҳлил қилиниб, келгусидаги асосий вазифалар белгилаб олинди
2025-02-05 19:15:00 / Янгиликлар
![Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича Бухоро вилояти комиссиясининг 2024 йилдаги фаолияти якунлари таҳлил қилиниб, келгусидаги асосий вазифалар белгилаб олинди](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F13d73dc5-63cf-e40c-cea1-489a758cfc80_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
Республикамизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасининг барвақт олдини олиш, аҳолида уларни истеъмол қилишга нисбатан «иммунитет»ни шакллантириш орқали генофондимизга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш, гиёҳвандликка чалинган беморларни жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, тиббий-даволаниш тизимини ташкил этиш соҳадаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишлари белгилаб берилди.
Белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил қилиш, февраль ойида «Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларига қарши курашиш» тезкор-профилактик тадбирлар ойлигини юқори савияда ўтказиш мақсадида бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази масъуллари бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ташкил қилинди.
Йиғилишда Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича Бухоро вилояти комиссиясининг 2024 йилдаги фаолияти якунлари таҳлил қилиниб, келгусидаги асосий вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, февраль ойида «Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларига қарши курашиш» тезкор-профилактик тадбирлар ойлигини юқори савияда ўтказиш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази масъуллари томонидан шу куннинг ўзида Бухоро шааҳридаги умумтаълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Миллий гвардиянинг мактаблардаги психолог-инспекторлари билан учрашуви, олий таълим муассасалари талабалар ётоқхоналарида тарғибот тадбирлари ташкил қилинди.
Миллий марказ масъуллари томонидан тарғибот тадбирлари белгиланган график асосида 6 февраль кунида ҳам ташкил қилиниши режалаштирилган.