“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури: вазир ўринбосари Бухоро туманидаги маҳаллаларда бўлди
2025-02-04 19:20:00 / Янгиликлар
![“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури: вазир ўринбосари Бухоро туманидаги маҳаллаларда бўлди](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F94e5e9b5-e496-76d0-5f98-b54b0b1d141d_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, мамлакатимизда энг оғир аҳволдаги маҳаллалар муҳандислик-коммуникация тармоқлари шайлигини таъминлаш, қийин шароитда яшаётган оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида республика даражасидаги давлат ташкилотлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳудудларга масъул сифатида бириктирилган. Шу нуқтаи назардан, республика Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Самандар Саъдуллаев вилоятимизнинг Бухоро туманидаги “Боғидашт”, “Дилобод Зафаробод”, “Қўшходим”, “Работиқалмоқ” ва “Сўфикоргар” МФЙ ларида бажарилиши зарур бўлган лойиҳалар учун ташкилотчи сифатида бириктирилган.
Маълумот учун, мазкур 5 та маҳаллада айни кунда жами 6557 та оила умргузаронлик қилаётган бўлиб, шундан ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оила сони ҳозирда 373 тани ёки аҳоли сонининг 6 фоизини ташкил этмоқда. Бажариладиган ишлар, аҳолига яратиб бериладиган шарт-шароит қаторида ички хўжаликлараро ўтган ариқнинг 14 минг метр қисми ўзанини бетонлаштириш, маҳаллаларга 10 та электр трансформатор пунктини ўрнатиш, шунингдек, тармоқда 41 минг метр узунликдаги СИП электр кабелини тортиш, эскириб яроқсиз ҳолга келган симёғоч ўрнига 827 та бетон-таянч устунни ўрнатиш каби чора-тадбирлар белгиланган.
Республика Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Самандар Саъдуллаев вилоятимиздаги хизмат сафари давомида Бухоро туманида бўлиб, мазкур 5 та МФЙ лари “еттилиги”, масъуллар билан учрашди. Юқоридаги фармон ҳамда қарор талабларидан келиб чиқиб, Бухоро туманидаги маҳаллаларда янгиланаётган муҳандислик-коммуникация тармоқлари шайлиги учун умумий қиймати 15 миллиард 427 миллион сўм маблағ молиялаштирилгани, бу борадаги чора-тадбирларни кечиктирмасдан, тез суръатда ва сифатли адо этиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда камбағал оилалар аъзолари бандлигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларга яшаш хонадонида иссиқхона ва паррандачилик йўналишларида даромад манбаларини яратиш, уларга банк имтиёзли кредитларини бериш орқали тадбиркорликка жалб қилиш чоралари изланди. Қолаверса, жорий йилда мазкур МФЙ ларида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида мавжуд томорқа экин ерларини суғоришни яхшилаш, насос ва бошқа гидроиншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати