Шофиркон: “Акрамов Асқар замини” фермер хўжалигида йилига 120 тоннагача гўшт тайёрланмоқда
2025-02-03 10:40:00 / Янгиликлар

Бугунга келиб хўжалик умумий ер майдони 57 гектарни ташкил этаётгани ҳолда шундан 15 гектар экин ери чорвачилик учун мўлжалланган бўлиб, унда озуқабоп экинлар, хусусан, маккажўхори, ўт беда, бошоқли дон экиб етиштирилади. Қорамол туёқ сонини кўпайтириб бораётган субъект талаб даражасида барпо қилинган оғилхонаси ва чорва молларини рисоладагидек боқиш учун етарли шарт-шароитга эга.
Шунингдек, “Акрамов Асқар замини” фермер хўжалигида ҳар йили 20 гектар ерда ризқ-рўз манбаи—сара буғдой етиштирилаётган бўлса, қолган 22 гектар майдонда саноат учун қимматбаҳо хом ашё—пахта етиштириш тажрибаси ўзлаштирилган. Жамоа якдиллиги, ягона мақсад йўлида бирлашиб меҳнат қилаётгани боис, фермер хўжалиги ҳар йили бу тармоқларда баракали ҳосил етиштириб, моддий манфаатдорлигини оширмоқда. Ўтган йилги ғаллакорлик мавсуми якунида 60 тоннадан тошиқ сара буғдой жамоа аъзолари ихтиёрида қолдирилгани ҳам бу фикримиз далили.
Биргина чорвачиликни олсак, хўжалик бу борада 2019 йилдан бери фаол иш олиб бормоқда. Дастлаб 100 бош наслдор йирик шохли қорамол харид қилиниб, иш бошланган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 250 бошга етказилган. Шунингдек, хўжаликда 150 бош майда шохли чорва моли—қўй-қўзи парваришланмоқда. Бу саъй-ҳаракат ортида эса аввало фермер ва унинг оиласи, аҳил жамоаси моддий манфаатдорлигини ошириш, қолаверса, ички бозорда гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабни қондириш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш мақсад қилинган.
Маҳсулдорликка келсак, ҳар ой фермер хўжалиги томонидан ўртача 10 тонна атрофида гўшт маҳсулоти ички бозорга етказиб берилаётгани унда иш салмоғи ва эришилаётган даромаддан далолатдир. Бу миқдор йил бўйи амалга ошириладиган меҳнатга нисбатан олинса, гўшт сўйиб сотиш ҳажми 120 тоннагача етказилаётгани катта ютуқ, албатта. Қорамолчилик ва бўрдоқичилик тажрибаси пухта ўзлаштирилаётгани туфайли маҳаллий аҳоли “Акрамов Асқар замини” фермер хўжалиги билан ҳамкорликка киришиб, ҳудудда, аҳоли хонадонларида чорвачилик ривожланмоқда.
Мазкур хўжалик фаолиятини ривожлантириш мақсадида яқин икки йилда қорамол сонини 400 бошга етказишни, қўшимча молхона қуришни мўлжаллаб турибди. Бу эса қўшимча иш ўринлари яратиш, қишлоқда баъзи ишсиз ва камбағал оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун яхши имконият ҳамдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати