Вобкент: Содиқ Тилавов бройлер жўжадан 40 кунда 20 миллион сўм фойда кўрмоқда
2025-01-31 21:10:00 / Янгиликлар

Бу каби корхоналар халқимиз дастурхонини сифатли ва арзон товуқ гўшти ва тухум маҳсулотлари билан таъминлабгина қолмай, янги иш ўринлари яратилиши туфайли моддий манфаат топишмоқда. Айни кунда Кўлхатиб маҳалласида яшовчи аҳоли хонадонлари орасида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида бройлер жўжа боқиб, парҳезбоп гўшт етиштириш оммалашиб бормоқда. Бунда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида “Халқ банки” туман филиалидан 33 миллион сўм кредит маблағини олиб, 3 минг бош бройлер жўжа харидига тиккан оила соҳиби Содиқ Тилавов иш тажрибаси ҳам фикримиз далили.
—Бизнес лойиҳамизга биноан, бошида таъминотчи субъект билан хўжалигимизда 1 минг бош бройлер жўжа парваришлаб, парҳезбоп гўштини етказиб беришга келишганмиз,—дейди миришкор хонадон соҳиби Содиқ Тилавов.—Бунинг эвазига таъминотчи озуқаси ва эмланадиган дорисини етказиб бермоқда. Қирқ кунда паррандаларни талаб даражасида парваришлаш учун рисоладагидек товуқхона барпо қилдик. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, 40 кунда битта бройлер жўжа боқиш учун ўртача 35 минг сўм харажат қилинар экан. Ҳар бир жўжа 40 кунда ўртача 2 килограм гўшт қилса, 55 минг сўм даромадга эга бўларканмиз. Бу рўзғоримизга 20 миллион сўм соф фойда дегани.
Товуқ боқишнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Ёз жазирамасида товуқхонада ҳароратни барқарор сақлаш, қиш қаҳратонли, серёғин кунларда ҳам товуқхона ҳароратини 25 градусдан туширмасликка ҳаракат қилинади. Қолаверса, ҳар ҳафта–10 кунда эмлашларини ўтказиб, махсус минераллар билан бойитилган комби-корми, озуқасини ҳам саралаб бериш тақозо қилинади. Муҳими, тармоққа тикиладиган сармоя, қисқа вақт ичида қилинган харажатларнинг қопланиши, қолаверса, аҳолининг парҳезбоп парранда гўштига бўлган талаби ошиб бораётгани Содиқ Тилавов сингари оилавий хўжаликлар қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати