Пешку: “Камолот” МФЙда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик ривожланмоқда
2025-01-31 20:30:00 / Янгиликлар

Чекка туманнинг “Камолот” МФЙдаги Саройча, Пўккалак, Чоробод каби қишлоқларида 312 та хонадон, 515 та оила ва уларда жами 1 минг 700 га яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, улар дуч келаётган ташвиш-муаммолари билан тизимли ишлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, қолаверса, маҳаллани ҳар қандай кўнгилсизлик ва жиноятлардан холи ҳудудга айлантириш ҳар қачонгидан долзарблигича қолмоқда.
Ҳудудда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва қўшимча иш ўринларини яратиш мақсадида кўзга кўринарли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида даромадли ишига эга бўлаётган хонадонлар фаолияти фикримизга далил.
Жумладан, шу ҳудудда яшовчи Ҳаким Садиров ҳамда Мунис Нарзуллаевларга худди шундай тавсияномага мувофиқ, “Бизнесни ривожлантириш банки” ресурси ҳисобидан 200 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган. Бу сармоя эвазига ҳаваскор ишбилармонлар лаёқатига қараб 14 бош чорва моли харид қилган. Аксарияти соғин сигирлар ҳар биридан ҳозирда кунига 10 литр атрофида сут соғиб олинмоқда. Имкониятдан унумли фойдаланаётган йигитлар сутни қайта ишлаш цехи фаолияти йўлга қўйилгани туфайли яна 2 нафар ишсиз фуқаро бандлигини таъминламоқдалар. Улар кўмагида сметана, “Al Aziz” ёрлиғи остида қаймоқ қадоқлаб чиқарилмоқда.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги 306-сонли қарорига мувофиқ шу маҳаллада яшовчи Дилдора Рамазонова ҳам ташаббус билан чиқиб, ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида 100 миллион сўм миқдорида кредит маблағини олган. Бу сармояга тоза ичимлик сувини қадоқлаш ва автомашиналарни ювиш шахобчасини ташкил қилишга эришган ва бу ташаббуси туфайли 2 нафар ёшни иш билан таъминламоқда.
“Етти хазинанинг бири” асаларичилик билан шуғулланаётган хонадонлар моддий манфаатдорлигига кўплар ҳавас қилади. Меҳнати осон эмас, аммо машаққатини зиммага олса, даромадга эришиш мумкин. Камолотлик яна бир фуқаро Захриддин Эгамов ҳам асаларичиликка қизиқиб, оилавий кредит дастури доирасида 33 миллион сўм кредит сармоясига эга бўлди. Интилувчанлиги зое кетмаётган йигит асалари уйларини кўпайтиришга жиддий киришиб, ҳозирда икки тенгдошини иш билан таъминламоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати