Ботир Зарипов «Темурбек Сардор Сарвар» чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги фаолияти билан танишди
2025-01-28 21:55:00 / Янгиликлар

Жумладан, туманнинг «Хосабўйи» МФЙ да «Темурбек Сардор Сарвар» фермер хўжалиги чорвачилик тармоғини ривожлантираётганига 7 йил тўлмоқда. Соҳада етарли тажрибага эга Жавлон Ҳамроев бошчилик қилаётган хўжалик дастлабки йили 100 бош қорамол билан фаолиятини юритган бўлса, бугунга келиб, талаб даражасида барпо қилинган оғилхона павильонида парваришланаётган жами қорамол сони 200 бошга етказилган.
— Бизда фақат наслдор қорамол боқиб, бўрдоқига парваришлаш, чет элдан зотдор қорамолларни харид қилиб келтириб, сут ва гўшт етиштиришда кўпайтириб боқиш тажрибаси ўзлаштирилмоқда, – дейди «Темурбек Сардор Сарвар» фермер хўжалиги раҳбари Жавлонбек Ҳамроев. — Шу боисдан, ўтган йиллари чет элдан, Болтиқбўйи давлатлари, Чехиядан «сментал», «ангуст», «голштейн», «шароли» зотига мансуб наслдор сигир-бузоқ ва бўрдоқига боқиладиган ҳўкизларни келтириб, боқиб, жамоамиз ва туманимиз моддий манфаатдорлигини оширмоқдамиз.
Фермер хўжалиги дастлабки иш бошлаган йилларида хориждан наслдор қорамол олиб келиш учун «Халқ банки» туман филиалидан қиймати 1 миллиард 400 миллион сўм миқдорида кредит маблағини расмийлаштириб,фаолиятини ривожлантирган. Сўнги марта субъект 2024 йил октябрь ойида Қозоғистоннинг Павлодар вилоятидан 500 бош «грейфорд» зотига мансуб бўрдоқичилик йўналишидаги ҳўкизларни харид қилиб келтирган. Бир ёшга етмаган буқалар Олот ва Қоракўл туманларида чорвачиликка, мол боқишга қизиқадиган оилавий хўжаликларга тарозига тортиб, тарқатиб сотилган. Худди шундай, Латвия, Литва, Чехия давлатларидан харид қилинган жами 150 бошдан зиёд ғунажин насл олиш, бузоғини кўпайтириш учун айнан «Темурбек Сардор Сарвар» фермер хўжалиги томонидан келтириб, икки туманда тегишли тартибда сотилган.
Фермер хўжалиги чорва молларини талаб даражасида парваришлаши, ветеринария тартиб-қоидаларига ва кунлик озуқа рационига қатъий амал қилиши, маҳсулдорликни ошириши учун экин ерига эга бўлиши жуда муҳим. Бу борада «Темурбек Сардор Сарвар» фермер хўжалиги «Хосабўйи» ҳудудида 30 гектар экин ерига эгалиги туёқ сонини ошириш имконини бермоқда. Аниқроғи, бу ернинг 10 гектарида ўт беда, 5 гектарида маккажўхори, 5 гектарида бошоқли дон, яна тариқ ва бошқа такрорий озуқабоп экинлар етиштириб, қишки мавсумга етарли ем-хашак заҳира қилинмоқда. Фермернинг айтишича, жорий қишлов учун хўжаликда 800 тонна атрофидаги силос, сомон ва бошқа дағал пичан ғамланган. Аммо бу айни кундаги талаб ва эҳтиёжни тўла-тўкис бартараф этмаётгани боис, ем-хашакни турдош хўжаликлардан сотиб олишга ҳам тўғри келмоқда.
— Шу кунларда бизда «Қизилчўл» зотли қорамолдан 50 бош соғин сигир, 50 бош наслдор ғунажин, яна 100 бош бўғоз ғунажин парваришланаётган бўлса, улар кунлик озуқаси учун 1 тоннадан ошиқ кунжара ва бошқа ем-хашак сарфланмоқда, – дейди фермер Жавлонбек Ҳамроев. — Маҳсулдорликка келсак, ҳар куни 1 тоннага яқин сут, ҳар ойда ўртача 7 тонна гўшт маҳсулотини топшириб, даромад топмоқдамиз. Якунланган йилда чорвачиликдан қўлга киритган мўмай фойдамиз 200 миллион сўмдан ошиқроқ бўлди. Эндиликда хўжалигимизда ишлаётган ўнга яқин кишилик жамоа моддий манфаатини ошириб, аввало қорамол сонини кўпайтириш, наслдор бузоқ ва ғунажинларни аҳолига тарозига тортиб сотиш тартибида тарқатиб, фаолиятимизни барқарор юритишни мақсад қилганмиз.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов мазкур хўжалик фаолияти билан танишди. Чорвадор фермер билан хўжаликнинг истиқболлари хусусида суҳбатлашди. Уни ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсияларини берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати