Ботир Зарипов Боғидаштдаги "Янги Ўзбекистон" массиви қурилиши ишларини танқидий муҳокама қилди
2025-01-24 21:05:00 / Янгиликлар
2024-2027 йилларда қуриб битказилиши мўлжалланган "Янги Ўзбекистон” массивида лойиҳага асосан 6 874 хонадонли 111 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Шу жумладан, ҳудудда аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда 990 ўқувчи ўрнига эга умумтаълим мактаби, 180 нафар жажжи ўғил-қизни ўз бағрига оладиган мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, кунига 250 қатновга эга оилавий тиббий поликлиника, сунъий чим қопламали кичик футбол ва спорт майдончалари, ёшлар cоwоркинг маркази, камида 2 та савдо-маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси, экобозор ва бошқа иншоотларни қуриб ишга тушириш мўлжалланмоқда.
Хўш, бугун қурилиш майдонидаги ишлар қандай бормоқда? Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов секторлар раҳбарлари, тегишли соҳа мутасаддилари, шунингдек, қурилиш-пудрат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида айни шу масалани кенг муҳокама қилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Жалол Арашовнинг маълум қилишича, уй-жойларни қуриш учун танланган ҳудуддаги ер майдони 88 та лотга бўлиб, аукцион савдоларига чиқарилиши режалаштирилган. Бугунги кунда 69 та лот аукцион савдоларига чиқарилган ва хусусий тадбиркорлар томонидан бўлиб тўлаш шарти билан шартномалар тузилган.
Ботир Зарипов қолган 19 та лот бўйича ҳам ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш, қурилиш ишларини тармоқ жадвали асосида ўз вақтида амалга ошириши ва объектларни сифатли фойдаланишга топшириш юзасидан мутасаддилар топшириқ ва кўрсатмалар берди. Шунга кўра зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати