Пешку: “Ибн Сино”даги иссиқхоналар бирида биогумус, бирида инновацион суғориш тармоғи...
2025-01-17 22:45:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 ноябрдаги “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-366-сонли қарори жойларда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишда муҳим қадам бўлмоқда.
Туманнинг Ибн Сино маҳалласида кўп йиллик миришкор деҳқон Нусрат Саидов раҳбарлигидаги “Пешку лимончилик мактаби” фермер хўжалигининг донғи бугун нафақат вилоят, балки республикага кенг ёйилмоқда десак, муболаға эмас. Бунда томорқачилик ва иссиқхоначилик маданиятига қатъий амал қилиб, илмий-инновацион услубда лимон, апельсин, мандарин каби цитрус мевадан мўл ҳосил етиштириш тажрибаси пухта ўзлаштирилган.
Айнан “Пешку лимончилик мактаби”дан ўрнак олиб, иссиқхоначиликда катта ютуққа эришаётган хўжаликлар сафи кенгаймоқда. Жумладан, шу маҳалла Авдени қишлоғида яшовчи Мустақим Тошев ҳамда Баҳодир Бадаловлар ҳам бири 20 сотих, бири 60 сотихдан иборат иссиқхона хўжаликларини обдон жиҳозлаб, унда пешма-пеш ҳосил етиштириб келишади.
Албатта, оила аъзолари ва қўшимча ишчи кучи ёрдамида лимон буталари билан биргаликда эрта баҳор маҳалладаги томорқачилар учун помидор, бодринг, булғор қалампири, карам, ҳатто қовун-тарвуз уруғларидан кўчат ундириб, сотиш билан шуғулланишади. Бу миришкорлик туфайли ўтган йили эрта баҳор олдидан Мустақим Тошев оиласи 40 миллион сўм, Баҳодир Бадалов хонадонидагилар эса 60 миллион сўм атрофида даромадга ҳам эга бўлишган. Қишки мавсумда иссиқхонада кўчат ундиришда қўшимча ўндан ортиқ ишчи кучи ёлланиб, уларнинг ҳам моддий манфаатдорлиги таъминланаётган экан.
Шу ўринда, тиниб тинчимас томорқачилардан Мустақим Тошев иссиқхонасида маҳсулдорликни оширишни кўзлаб биогумус тайёрлашни йўлга қўйган бўлса, Баҳодир Бадалов кузги-қишки ёғин-сочинлардан унумли фойдаланиб, сувни тарнов орқали иссиқхонанинг икки ёнида тайёрланган ҳовузларга тўплаб, суғориш тармоғини шакллантирган.
Халқимизда “Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади” деган пурмаъно ҳикмат бор. Бу усул ҳам камхаржлиги, электр ва бошқа муқобил энергия манбаини иқтисод қилиб, мўл ҳосил етиштиришда жуда асқотмоқда. Шу тариқа, сиғими 265 тонналик ҳовузлар орқали ёмғир-қор сувларидан фойдаланиш, экинларни бемалол суғориш ва кўзланган ҳосилни етиштириш имкони яратилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати