Пешку: “Шавгон”да ҳам эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланмоқда
2025-01-17 22:35:00 / Янгиликлар
Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага олинган оилаларни қўллаб-қувватлаш, одамларга даромад манбаини яратишда Пешку туманида ҳам манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги "Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва инстиционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги" ПҚ-306-сонли қарори бу борада дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Айни кунда биргина “Шавгон” МФЙ ни олсак, 644 та хонадон, 879 та оила ва 3 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда ўтган йили бошида 25 нафар “Аёллар дафтари”, 53 нафар “Ёшлар дафтари”, 9 нафар “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар моддий-маънавий қўллаб-қувватланган ва ижтимоий муҳофаза туфайли тоифаланган дафтардан чиқарилган.
Шу маҳаллада яшовчи Дилноза Ҳакимова ўтган йили юқоридаги қарорга мувофиқ “Алоқабанки”нинг Пешку туманидаги банк хизматлари маркази орқали чорвачиликни ривожлантириш ва аҳолини сут махсулотлари билан таъминлаш лойиҳасига биноан 60 миллион сўм кредит маблағини расмийлаштириб олган. Бу сармоя эвазига унга 6 бош соғин сигир олиб берилган бўлиб, натижада шу хонадонда яшовчи уч фуқаронинг бандлиги ва даромади таъминланган. Хонадон соҳибаси Дилноза Ҳакимова ҳозирда бу икки бош сигирдан кунига 60 литр сут соғиб олиб, кунига 400 минг сўм атрофида фойда кўрмоқда.
Худди шундай, Шавгонда ижтимоий муҳофазага олинган оилалардан бири Моҳидил Қазоқова оиласига маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида “Аграрбанки”нинг туман филилидан 100 миллион сўм миқдорида кредит маблағи расмийлаштириб берилди. Бу сармояга хонадондаги мавжуд экин ерининг 2 сотих майдонида гидропоника усулида иссиқхона ташкил этилгани бугун бу оиланинг 4 нафар аъзоси учун даромад манбаи бўлмоқда.
Банк сармоясига Наманган вилоятидан қулупнай етиштирувчи мутахассис дехқонлар билан ҳамкорликда қулупнай кўчатлари келтириб, иссиқхонага ўтқазилди. Эндиликда бу ихчам иссиқхонада қулупнай кўчатлари агротехник талаблар асосида, мутахассислар тавсиялари асосида парваришланиб, биринчи йилги мавсумда жами 85 миллион сўмга тенг ҳосил олишга эришилгани бир оила учун катта ютуқ, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати