Хитойнинг Шенси провинцияси вакиллари билан учрашув ўтказилди
2025-01-17 21:15:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашув ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги 8 йилда Бухорода хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 5 бараварга ошди. Бугунги кунда вилоятимизда 430 дан ортиқ хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлса, вилоятимиз тадбиркорлари ва Хитой Халқ Республикаси компаниялари ҳамкорлигида турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида ҳозирда 70 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 25 таси Хитой капиталидаги хорижий корхона ҳисобланади.
Жумладан, Бухоро вилоятида Хитой давлати инвестициялари иштирокида China Gezhouba”, “Polimer Luxe”, “Bahor Chance”, “Buxoro Labsa” каби йирик қўшма корхоналар ташкил этилган бўлиб, ушбу корхоналар вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, Хитой Халқ Республикаси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган 5 та давлатлардан биридир. 2024 йилда Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 401,0 млн. долларни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 106 фоизга ўсган (2023 йилда 378,0 млн. доллар). Шу жумладан, экспорт ҳажми 23,0 млн. доллар ва импорт ҳажми 378,0 млн. долларга етган.
— Албатта, бу кўрсаткичлар биз учун кам. Келгусида биз Хитой Халқ Республикасидан Бухоро вилоятига ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ҳамда ташқи савдо айланмаси ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини оширилишига ишонамиз,-деди Ботир Зарипов мулоқотда.
Тадбирда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар икки ҳудуд ўртасида инвестициявий, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва алоқаларни чуқурлаштириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Шунга кўра, Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокимлиги Бухоро ва Шенси провинцияси ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, туризм, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, шунингдек, таълим ва спорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган барча ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Ўз навбатида Хитой халқаро савдони ривожлантиришга кўмаклашиш қўмитасининг Шенси бўлими раисининг ўринбосари ҚУАНГ Жиан самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан Шенси провинцияси ҳам манфаатдор эканини алоҳида таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб, томонлар шерикликнинг долзарб масалалари устида иш олиб боришни давом эттиришга келишиб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмат