Нигора Файзиева "Sara Silver" заргарлик фаолиятини йўлга қўйди
2025-01-17 15:20:00 / Янгиликлар
Вилоят марказининг “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунга келиб 1 минг 17 та хонадон, 1 минг 359 та оила ва уларда жами 2 минг 800 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Маҳалланинг асосий ривожланиш драйвери, аҳолининг тирикчилик манбаи тижорат, савдо иши ва маиший хизмат кўрсатиш тармоғидир. 2024 йилнинг бошида ўтказилган хатлов натижаларига мувофиқ, маҳаллада ишсиз деб топилган 20 нафардан ортиқ фуқаро бандлигини таъминлаш, уларни даромадли қилиш чора-тадбири кўрилмоқда.
Бу ўринда маҳалладаги масъул "еттилик" фаолиятини ҳам эътироф этиш жоиз. Улар саъй-ҳаракати билан айни кунда хориждан меҳнат миграциясидан қайтган 62 нафар фуқародан кам даромад топаётган 7 нафарига ўзлари истаган иш ўрни таклиф қилиниб, даромадли иш жойи билан таъминланган. Бу жараёнда якунига етган 2024 йилда маҳалла маъмурияти қўллаб-қувватлаши билан ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, даромадли қилиш мақсадида 3 та йўналишда умумий қиймати 1 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредит сармояси ажратилган.
Шундай имтиёзлардан самарали фойдаланган фуқаролардан бири Нигора Файзиевадир. Ишсиз ва даромадсиз қолган уй бекаси ўз қизиқиши ва лаёқатидан келиб чиқиб, заргарлик фаолиятини бошлаш нияти борлигини айтиб, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Ўғилой Мустафоевага мурожаат қилган. Унга зарур ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиши учун тавсиянома асосида 33 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Дастлаб ўз хонадонида якка тартибда заргарлик ишини бошлаган Нигора метал ва қимматбаҳо тошларга зеб бериш ҳунарини ўзлаштиришга киришиб, ҳозирда 3 нафар ишсиз фуқарони ҳам ёнига олган, уларга заргарликни ўргатмоқда.
Шу тариқа "Sara Silver" заргарлик фаолиятига пойдевор қўйган Нигора Файзиева ҳозирда “устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ 10 нафардан ортиқ ёшга бу ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда. Унинг жамоаси секин-аста бежирим ва нафис кўринишдаги буюртмаларни бажаришга ўтган. Хомаки, ҳисоб-китобга кўра, айни пайтда “Sara Silver”нинг йиллик соф фойдаси қарийб 100 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати