"Ниҳолчилик" фермер хўжалиги қўшни вилоятларга ҳам мевали ва манзарали дарахт кўчатларини етказмоқда
2025-01-16 17:15:00 / Янгиликлар
Вилоятимизда кўчатчиликни ривожлантириш, маҳаллий навлар билан бирга хорижий навларни маҳаллийлаштириш, аҳолининг кўчат ўтқазиш, ниҳол парваришлаш кўникмаси ва маданиятини шакллантириш, қишлоқ хўжалигида сархил мева, шунингдек, боғ-токзорларни яшнатиб, маҳсулдорликни ошириш, даромад манбаи экани билан бирга аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу борада турдош хўжаликлар қаторида Бухоро шаҳридаги "Гулчорбоғ" маҳалласида фаолият юритаётган Бухоро илмий тажриба станциясига қарашли "Ниҳолчилик" фермер хўжалигининг ҳам ўз ўрни ва ҳиссаси бор, албатта.
Моҳир агроном Тоҳир Ибрагимов раҳбарлигидаги мазкур хўжалик 2000 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Соҳани ривожлантириш, бунда аҳоли билан кооперация муносабатларини йўлга қўйиш ва кўчат етиштириш жараёнига илмий ишланмаларни жорий этишда хўжаликда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Баъзи таҳлилларга назар солсак, ҳозирда хўжалик ҳисобида 163 гектар ер майдони бўлиб, шу ерда ҳар йили агротехник талаблар асосида 2 миллион туп атрофидаги мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўстириш тажрибаси пухта ўзлаштирилган. Миришкор боғбонлар меҳнати боис, ўртача 3 йил муддатда бунда парваришланган кўчатлар сотишга тайёр ҳолга келади. Уруғ ва қаламчалардан кўпайтирилаётган ниҳолларнинг харидори ҳам етарлича, албатта.
— Бугунга келиб хўжалигимизда иш барқарор ташкил этилгани туфайли 30 нафарга яқин ишчи-мутахассисни доимий иш билан таъминлаганмиз,—дейди хўжалик раҳбари Тоҳир Ибрагимов.—Ишчи боғбонларимиз шу ерда меҳнат қилиб, ҳар ойда оилаларига 3-4 миллион сўмдан даромад олиб киряптилар. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари билан бирга турли хил навдаги гул кўчатларини ҳам етиштиришни йўлга қўйганмиз. Ҳозирда 1 миллион туп кўчатимиз сотиш учун тайёрлаб қўйилган. Умуман, кўчат савдосидан ҳар йили ўртача 200 миллион сўмгача соф фойда олиб келяпмиз.
Жорий мавсумда "Ниҳолчилик" фермер хўжалигида асосан арча, сапура, каталпа, гужум, тут, ўрик, олма, олча хурмо, узум, олхўри, нок ва шафтоли сингари мевали ва манзарали дарахт кўчатлари уруғ ва қаламчасидан экиб парваришланиб, вилоятимиз бўйлаб, қолаверса, қўшни Навоий, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларига ҳам буюртма асосида етказиб бериш йўлга қўйилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати