Бухоро шаҳрида ЯТТ “Яҳёев Шоҳрух Бобиржонович” гўштни қайта ишлаш цехи очилди
2025-01-15 20:10:00 / Янгиликлар
Биргина Раззоқ Ҳамроев маҳалласида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатни олсак, ўтган 2024 йил бошида ҳудудда 73 нафар ишсиз фуқаро рўйхати шакллантирилиб, йил давомида маҳалла "еттилиги"дан иборат масъуллар кўмагида уларнинг аксарияти бандлиги таъминланган.
Банд бўлган фуқаролар асосан хизмат кўрсатиш, барқарор ишлаётган йирик корхоналарга ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиш йўналишларига тўғри келади. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ўтган йили ҳисобидан 3 та йўналишда 1 миллиард 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилган.
Мазкур маҳаллада фуқаролар бандлигига кўмаклашаётган лойиҳалардан бири “Яҳёев Шоҳрух Бобиржонович” якка тартибдаги тадбиркорлик субъектидир. Бунда ташаббускор томони гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланмоқда.
Умумий қиймати 500 миллион сўмни ташкил этган бу лойиҳани ташаббускор тадбиркор Шоҳрух Яҳёев ўз маблағи ҳисобидан 370 миллион сўм ҳамда тижорат банкидан 130 миллион сўм кредит сармоясини расмийлаштириб олиб йўлга қўйган. Ишга тушганига кўп бўлмаган дўконда 9 нафар ишчи ўрни яратилган бўлиб, цех қуввати 100 тонна гўштни қайта ишлашга мўлжалланган. Бундан бюджетга йиллик тушум 60 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Айтиш жоизки, бугунга келиб Раззоқ Ҳамроев маҳалласида аксарият кўп қаватли уйларда 2 минг 120 та хонадон, 2 минг 234 та оила ва уларда жами 6 минг 600 дан ортиқ аҳоли вакили умргузаронлик қилаётган бўлса, кундалик озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, дастурхони тўкинлигини таъминлашда “Яҳёев Шоҳрух Бобиржонович” ЯТТ нинг ҳам ўз ҳиссаси қўшилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати