Қоракўл: Раҳимовлар иссиқхонасида бир ёнда булғор қалампири, бир ёнда лимон...
2025-01-15 20:10:00 / Янгиликлар
Бу борада Қоракўл туманининг Қуйи Янгибозор маҳалласида яшовчи Тўлқин Раҳимовнинг томорқачиликдаги иш тажрибаси юқоридаги фикримиз ёрқин далили. Чунки қаҳрамонимиз бир эмас, иккита кичик иссиқхона қуриб, мўмай даромадга эга бўлмоқда. Ишнинг кўзини билган деҳқон шу кунларда иссиқхонасида булғор қалампири экиб, мўл ҳосил кўтармоқда.
— Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан имтиёзли банк кредити асосида иссиқхона ташкил қилиб, рўзғор кам-кўстини бемалол қоплаяпмиз. Дастлаб томорқадан кўзланган ҳосилни олиш учун “Калифорния чувалчанги” орқали биогумус ўғитини ҳосил қилиб, экин майдонларига киритдик,—дейди томорқа соҳиби Тўлқин Раҳимов.—Ер кўчат экишга тайёр бўлгач, булғор қалампирининг “Ведрана” навли ниҳолини ўтқаздик. Бу нав маҳаллий иқлимга, турли касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради.
Булғор қалампирининг бу нави ҳудудда кенг оммалашган бўлиб, ҳосилдорлиги ва эртапишарлиги билан деҳқон хўжаликларига ҳам қулай. Турли хил иқлим шароитларига мосланувчанлиги ва 60-65 кунда пишиб етилиши, сархиллиги билан ажралиб туради. Сабзавот ҳар бир ҳосили 150-200 грамни ташкил этади.
Миришкор томорқачининг билдиришича, якунланган йилда оила аъзолари билан биргаликда ҳовлисидаги 5 сотихдан иборат иссиқхонасидан 2 тоннадан ортиқ сабзавот маҳсулотини йиғиб саранжомлаган. Харидорларга ҳар килограм ҳосилни 30-35 минг сўм атрофида сотишга эришган. Эндиликда булғор қалампиридан қарийб 700 килограм ҳосилни йиғиб олиш ҳаракатида меҳнат қилишмоқда.
Қишда ҳам тиним билмай томорқасини яшнатиб, даромад олаётган Раҳимовлар оиласи кейинги йилларда иккинчи иссиқхонасида лимон кўчати парваришига жиддий киришган. Бу борада ҳам изчил ҳаракат аллақачон ўз самарасини бермоқда. Аниқроғи, бунда 60 туп лимон бутасидан бир мавсумда 50 миллион сўм атрофида цитрус мева олиниб, қўшимча даромад қилинмоқда. Кўриниб турибдики, бир миришкор оила рўзғори бутлиги, дастурхони тўкинлиги ҳалол-покиза меҳнат маҳсулидан.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати