Россиянинг Кемерова шаҳри етакчи клиникаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2025-01-13 13:50:00 / Янгиликлар
Россия Федерациясининг Кемерово шаҳридаги юрак-қон томир касалликларининг комплекс муаммолари илмий-тадқиқот институти профессорлари В. Ганьюков ва Р. Тарасовлар республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ташриф буюрдилар. Мазкур хизмат сафари ва филиал фаолиятини ўрганиш баробарида Россиянинг Сибир интервенцион кардиоангиологлари билан халқаро касбий ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали кардиоваскуляр тиббиётни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Россиялик меҳмонларни муассаса директори, тиббиёт фанлари номзоди М. Ражабов бошчилигидаги масъуллар кутиб олишиб, филиалда амалга оширилаётган тиббий хизматлар кўлами, даволаш-диагностик меъёр талаблари ижроси, мутахассислар малакасини ошириш ва илмий изланишларда эришилаётган ютуқлар, белгиланган режалар ҳамда қўлланилаётган юқори технологик мураккаб операциялар билан яқиндан таништирдилар.
Ўз навбатида, филиалда кардиоваскуляр тиббиётни ривожлантириш мақсадида Россиянинг Кемерово илмий тиббиёт институти ҳамда унинг тизимидаги тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни олиб бориш орқали соҳа бўйича илм-фан ва тажриба ошириш ҳамда ёш мутахассисларимизни клиник йўналишда дипломдан кейинги амалиётни олишларига шароит яратиб бериш борасида икки ёқлама келишувга эришилди.
Музокарада таъкидланганидек, мутахассисларимиз томонидан орттирилган тажриба ва билимлари бевосита республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ҳамда субфилиаллари амалиётида тадбиқ қилиниб, ҳамкорлигимиз анъанавий тарзда давом эттирилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати