Ташқи реклама: Қонунга буйсуниш барчанинг бурчидир
2025-01-09 10:10:00 / Янгиликлар
Ҳудудлардаги ташқи реклама ва ёзувларнинг нечоғли тартиб ва аниқ лойиҳалар асосида жойлаштирилиши ўша ҳудуднинг меъморий қиёфасига ҳам таъсирини ўтказади.
Аммо вилоят ҳокимлиги ҳамда шаҳар ва туманлардаги тегишли масъуллар томонидан ҳудудларда мунтазам равишда ўрганиш ва тушунтириш ишлари олиб борилаётганлигига қарамай, ўз шахсий манфаатини жамоат ва жамият манфаатларидан устун қўйган бир қанча кишиларнинг Давлат тили ҳам реклама қонунчилиги талабларини қасддан бузишга уринишаётганлиги ҳолатлари кузатилмоқда.
Қайд этиш жоизки, масъуллар томонидан фақатгина январь ойининг ўтган декадаси даврида 126 та ноқонуний ташқи ёзувлар бартараф этилиб, 200 га яқин тадбиркорларга соҳадаги қонунчилик талаблари хусусида тушунтиришлар берилди.
Қонунчилик талабларини такроран бузган 3 та юридик шахсга нисбатан молиявий жарималар қўлланилди.
Ҳар қандай қонун аввало ўз ижроси билан қадрлидир. Қонунга буйсуниш эса ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Эслатма:
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 20-моддасига асосан:
Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли ҳамда 2023 йил 31 августдаги 428-сонли қарорларида:
бино фасадида ўрнатилган ахборот матни 1 квадрат метр (ошхона ва ишлаб чиқариш корхоналарида 2 квадрат метр) ҳажмидан ошмаслиги лозимлиги, агар ушбу ҳажмдан ошса у ташқи реклама ҳисобланиб, бунинг учун тегишли паспорт олиниши ҳамда ойлик тўловлар тўлаш кераклиги;
бино фасадидан ташқарида фаолият тури ҳақида ахборот берувчи ҳар қандай ҳажмдаги устун ёки мослама реклама ҳисобланиб, бунинг учун тегишли паспорт олиниши ҳамда ойлик тўловлар тўлаш лозимлиги;
Реклама тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганда «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексининг 1781-моддасига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробаригача жаримага тортилиши белгиланган.
Акбар Рустамов,
Вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси
Вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси