Шофиркон: Чуруқ овулида янги йил шукуҳи
2024-12-28 17:55:00 / Янгиликлар

Бу қувонч ва илиқликни барча юртдошларимиз даврасида, бирга баҳам кўриш, йилни эътиборга молик ютуқлар билан сарҳисоб қилиш ва янги йилни хайрли ниятлар билан бошлаш ўзига хос анъанага айлангани қувонарли, албатта.
Шофиркон тумани марказидан 110 километр узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағридаги Чуруқ овулида бугунга келиб қозоқ миллатига мансуб 42 та хонадон ва жами 270 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.
Чорвачилик ва қисман деҳқончилик тирикчилик манбаи бўлган овулда ўтган аср етмишинчи йилларида ёғоч–тахтадан барпо қилинган, кейинги ойларда янги ва замонавий таълим даргоҳи лойиҳаси ишлаб чиқилган 39-сонли умумтаълим мактаби деярли қирқ нафар ўқувчини ўз бағрига олган бўлса, 2016 йилда қўшимча 30 ўринли ўқув корпуси қуриб фойдаланишга топширилган. Шароф Рашидов номидаги МФЙ нинг Деҳқонобод филиалида қуриб ишга туширилган 23-сонли болалар боғчаси 90 нафар жажжи ўғил-қизга мўлжалланган. Туман тиббиёт бирлашмасининг Чуруқ саломатлик пункти эса чўлқуварлар саломатлигини сақлашда камарбаста.
Янги йил байрами арафасида туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳар йилги одатга кўра Чуруқ овулида бўлишиб, овулликлар қувончига шерик бўлдилар. Овул марказида байрамона безатилган арча атрофида 50 нафарга яқин жажжи ўғил-қизга байрам совғалари берилгани уларни хушнуд қилиб, уларнинг ота-оналарини ҳам қувонтирди.
Шу кунги тадбирда овулликларнинг байрамни кўнгилдагидек ўтказишлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Ярмарка аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган асосий маҳсулотларни қулай нархларда сотиб олиш имконини берди. Шу билан бирга, овулда яшовчилар ижтимоий муҳофазаси, қишки мавсумни рисоладагидек ўтказишга доир зарур чора-тадбирлар белгиланди. Бу нафақат байрам кайфиятини, балки аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати