Шофиркон: “Хўжа Ориф” маҳалласида болалар ёзги оромгоҳи қурилиши бошланди
2024-12-26 12:55:00 / Янгиликлар
Ниҳоят, шу борадаги кемтиклик ўрнини тўлдириш мақсадида эндиликда туман марказидаги “Хожа Ориф” маҳалла фуқаролар йиғинида замон талабларига жавоб берадиган ёзги болалар оромгоҳини барпо қилиш мақсад қилинган. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи” инжениринг компанияси буюртмаси асосида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Mukammal loyiha” бош лойиҳачилигида ҳудуддан 7 гектар ер майдони ажратилгани ҳолда зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари, зарур бино-иншоотлар, спорт майдончаларига эга сўлим масканни қуришга киришилмоқда. Бунинг учун маҳаллий пудратчи “Parvoz komfort” МЧЖ томонидан айни кунда ҳудудда ер қазиш, тупроқ ишлари бошланган.
Замонавий ёзги оромгоҳ қурилишида барча меъёр ва талаблар инобатга олинган бўлиб, маскан умумий қиймати 25 миллиард сўмга молиялаштирилган. Лойиҳага мувофиқ бунда маъмурий бинолар, тиббиёт бўлими, болалар ва катталар учун стандарт ўлчамдаги, трамплинга эга очиқ ва ёпиқ сузиш, чўмилиш ҳавзалари, 100 ўринли 4 та ётоқхона мажмуи, 400 ўринли ёзги амфитеатр, кутубхона ва тўгараклар учун хоналар, ёзги ошхона ва 200 ўринли овқатланиш айвони, баскетбол, волейбол, минифутбол, шунингдек, сунъий чим ва резина қопламали спорт майдончалари, бассейн ва ювиниш-кийиниш хоналари қуриб фойдаланишга топширилиши мақсад қилинган.
Шунингдек, бу сўлим масканда IT-ахборот технологиялари хонаси, wi-fi хизмати, очиқ-ёпиқ теннис майдончалари, мусиқали фаввора, дам олувчиларнинг ота-онаси, қариндошлари билан дийдорлашиш учун ўндан ортиқ “беседка”, тадбирлар учун очиқ майдон, шунингдек, хўжалик ишлари учун қўшимча хоналар, ёнғинга қарши ҳовуз барпо қилиниши режалаштирилган. Айни пайтда пойдевор тиклаш ишлари бошланган манзилда албатта, оромгоҳни электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви, қолаверса, санитария-гигиена, оқава тармоқлари каби бирламчи зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга устувор аҳамият қаратилади.
Бир сўз билан айтганда, замонавий болалар ёзги дам олиш оромгоҳи учун бугун нимаики зарур бўлса, шу ерда лойиҳалаштирилгани мақсадга мувофиқ. Лойиҳанинг қай даражада сифатли, тўла-тўкис ва бенуқсон амалга оширилиши эса ташкилотчи, пудратчилар омилкорлиги, жонбозлигига бевосита боғлиқ, албатта. Айни пайтда Хўжа Орифда бошланган хайрли саъй-ҳаракат мутасаддилар, маҳаллий ҳокимлик кундалик назоратида.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати