Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди
2024-12-26 11:35:00 / Янгиликлар
Сессия ишида вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари, вилоят ҳокимлиги бўлинмалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Жамол Ашуров бошқариб борди.
Кун тартибидаги асосий масала — Бухоро вилоятининг 2025 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари-вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Ботир Аҳмедов ахборот берди.
Шунингдек, ҳар бир соҳа ва йўналишлар учун кўзда тутилган маблағлар тўғрисида атрофлича тўхталди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси ҳисоб палатаси шўба мудири Рустам Жумаев «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун мазмун-моҳияти ва келгуси йилдаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди.
Сессияда навбатдаги масала — Бухоро вилояти бўйича 2025 йил учун юридик ва жисмоний шахсларнинг ер солиғи ставкаларини ҳамда мол-мулк солиғини ҳисоблашда қўлланиладиган энг кам қийматни тасдиқлаш тўғрисида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Юлдашевнинг ахбороти эшитилди.
Шундан сўнг, депутатлар жаҳон банки кредит маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган «Ер ости сувларини миллий бошқариш ва иқлим ўзгариши таъсирига мослашиш» лойиҳасининг концепциясини келишиш тўғрисидаги, жаҳон банки кредит маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган "Микро, кичик ва ўрта корхоналарда ишлаб чиқариш, хизмат кўсатишда “яшил" ва энергия самарадор технологияларни жорий қилишни молиявий қўллаб-қувватлаш" лойиҳа концепциясини келишиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 ноябрдаги «Мева- сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва экспортни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилиши юзасидан тасдиқланган 51-сонли йиғилиш баёнида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги корхоналарининг дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги, Бухоро вилояти бўйича танланган энг оғир маҳаллаларнинг томорқа ерларини суғоришни яхшилаш юзасидан дастурга киритиладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилишди.
Шунингдек, сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Бу борада депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати