Ботир Зарипов янги тадбиркорлик лойиҳалари билан танишди
2024-12-24 20:40:00 / Янгиликлар
Хабарингиз бор, шу йил 20 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг эзгу мақсад билан илгари сурадиган ҳар қандай ғоя ва ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, ҳудуд раҳбарларига тадбиркорлар билан доимий мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларни ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудда одамларни ишли ва даромадли қиладиган катта имконият – саноат зоналари экани алоҳида таъкидланган эди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов жойларда тадбиркорлик субъектлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инфратузилма иншоотларидан мақсадли фойдаланиш, қолаверса, атроф-муҳит тозалиги ва ободонлаштирилиши билан боғлиқ назорат тартибидаги навбатдаги ўрганишларини Ғиждувон туманида, қўшни Навоий вилоятига чегарадош «Сармижон» мунтазам йўл-патруль маскани ҳудудидан бошлади.
Ҳудудда «М-37» автомагистрали бўйлаб фаолият юритаётган тадбиркорлар эътибордан четда қолмади. Бизнес вакилларига тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари фаолиятига эътибор қаратилиб, мавжуд имкониятларни кенгайтиришга доир таклифлар ўртага ташланди. Шунингдек, «Сармижон» йўл-патруль маскани яқинидаги жумладан, Зарафшон дарёси соҳилида аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, аҳолининг кўнгилли ҳордиқ олиши учун зарур шарт-шароит яратишга дахлдор лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг Жондор туманидаги манзилли ўрганишлари "Зарафшон" МФЙ дан ўтган шу номдаги дарё бўйида қурилиши бораётган замонавий сайлгоҳни кўздан кечириш билан давом этди. Бунда «Соҳил бўйи» савдо-сервис иншоотлари, кафе ҳамда умумий овқатланиш шахобчалари, ўйингоҳ ва бошқа кўнгилочаар шахобчалар лойиҳалари муҳокама қилинди.
Худди шундай, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш, урбанизация жараёнини ривожлантириш мақсадида «Зарафшон» дарёси бўйига яқин ҳудудда, 31 гектар ер майдонида қурилиши режалаштирилган «Экомассив» лойиҳаси масъуллар иштирокида кўздан кечирилди.
Айни кунда туманнинг «Охших» МФЙда асосан мебель маҳсулотлари ясаб тайёрлагшга мўлжалланган кичик саноат зонаси маҳаллий тадбиркорлар билан гавжумлашмоқда. Маҳаллада бугунга келиб, 684 та хонадон, 942 та оила ва уларда жами 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, бунда фаол меҳнат жабҳасида банд бўлганлар сони қарийб 1,5 минг нафарни ташкил этмоқда. Шундан айни кунда ҳудуддаги ўнга яқин йирик мебель ясаш цехида жами 200 нафарга яқин маҳаллий ёшнинг бандлиги таъминланмоқда. Бу эса чекка ҳудудда иқтисодий ривожланиш ортидан ўнлаб оила моддий манфаатдорлиги ошаётгани далолатидир.
Ҳудудда «Эркин бобо мебель маҳсулоти», «Абдул Боқи Раҳмон», «Эъзоз мебеллари» каби хусусий корхоналар МЧЖ шаклида фаолият юритиб, ўнлаб оиланинг моддий манфаатдор бўлишига имконият яратмоқда. Бунда мебель ишлаб чиқариш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1,8 гектар ер майдонида ташкил этилган «Охших» кичик саноат зонасинининг лойиҳа қиймати 14 миллиард сўмга молиялаштирилган. Шу кунга қадар мебелсозлик устахоналари ҳовлиларда, алоҳида тарқоқ кўринишда иш юритган бўлса, энди ўттизга яқин дурадгорлик цехи, мебелсозлик шахобчалари имконияти кенгайтирилиб, кичик саноат зонасида, яхлит фаолият бошламоқда.
Жондор тумани «Қовчун» МФЙда мактаб ўқув қуроллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Караван конселярия» МЧЖ ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда. Ташаббускор тадбиркор Беҳруз Очилов талаб юқори бўлган ўқув қуроллари билан вилоят ва пойтахт бозорини таъминлашга, бунда асосан 5 турдаги ўқув воситаси, жумладан, шахмат-шашка доскалари, шарикли ручка ишлаб чиқаришга аҳд қилган.
Лойиҳа умумий қиймати 1 миллард 500 миллион сўмга молиялаштирилган бўлиб, шундан 600 миллион сўм сармоя маҳаллий тадбиркорнинг ўз маблағи. Бунинг учун унга кичик саноат зонасидан 0,24 сотихдан иборат ер майдони таклиф қилинган. Ҳозирда зарур технологик воситалар Хитой давлатидан харид қилинган бўлиб, йилига 80 минг дона маҳсулот тайёрлаш режалаштирилган. Ҳадемай, бу цехда 10 нафаргача ёшни иш билан таъминлаши имконияти яратилади.
Шу куни Когон шаҳри ва туманида рўёбга чиқарилаётган тадбиркорлик ташаббуслари ҳам вилоят ҳокими эътиборида бўлди. Масалан, «Туткунда» МФЙ да пешқадам тадбиркорлик субъектларидан бири «Когон марс плюс» МЧЖ 12 сотихдан иборат майдонда тоғ-кон саноати йўналишидаги технологиялар учун мураккаб ускуна ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришини йўлга қўйган. Тадбиркорлик субъекти тендер савдосида 50 миллиард сўмга тенг лойиҳаларни ютиб олиб, ҳозирда 60 нафар ишчи-мутахассис бандлигини таъминламоқда. Айни кунда ўз имкониятларини кенгайтираётган МЧЖ цехини саноат зонасига кўчиришга, қуюв цехи фаолиятини ташкиллаштириш, стандартизация ва лаборатория ишларига яқиндан кўмаклашилмоқда.
Айтиш жоизки, айни кунда «Ўрта шаҳарлар» инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси доирасида темирйўлчилар шаҳрида ҳам қатор қурилиш-таъмирлаш ишлари лойиҳалаштирилган. Жумладан, канализация — сувоқава тармоғини янгилаш туфайли ҳудуддаги 7 та маҳаллада хонадонлар, кўп қаватли турар жой ва ижтимоий соҳа иншоотлари, умумий ҳисобда 15 мингдан ортиқ аҳолини сувоқава тармоғи билан таъминлаш имконияти яратилади. Бу борада ҳозирда умумий лойиҳанинг қарийб 30 фоизига тенг иш бажарилган.
Шу билан бирга, вилоят раҳбари Когон шаҳри «Бухорои шариф» МФЙ да қайта реставрация қилиниши белгиланган иншоотларда бўлиб, уларда режалаштирилган чора-тадбирлар билан яқиндан танишди.
Хулоса қилиб айтганда, Ғиждувон, Жондор туманларида, Когон шаҳридаги лойиҳалар билан танишиш асносида вилоят ҳокими масъуллар, ташаббускор тадбиркорларга истиқболли лойиҳалар амалиётини тезлаштириш, жараёнда дуч келинаётган ташвиш-муаммоларни биргаликда ҳал қилишга доир зарур тавсия ва топшириқларини берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати