Қозоғистонлик ҳамкасблар Вобкент туманидаги 2-сон политехникумида бўлишди
2024-12-21 16:15:00 / Янгиликлар
Ўзаро манфаатли бу ҳамкорлик "Ўзбекистон касб-ҳунар таълими тизимини ислоҳ қилиш ва модернизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш" номли минтақавий лойиҳа доирасида меҳнат бозори эҳтиёжларига кўра касбий таълим ва кадрлар тайёрлаш жараёнини мувофиқлаштириш, халқаро стандартларга жавоб берадиган ва Марказий Осиё минтақасига мос келадиган икки томонлама касб-ҳунар таълими ва кадрлар тайёрлаш миллий тизимини жорий этиш, шунингдек, қишлоқ жойларида енгил саноат ва тўқимачилик соҳасида касбий таълимни, саноатни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Қозоғистонлик меҳмонлар ўқув амалий машғулотлар жараёни билан бирга, таълим муассасасида ташкил этилган “Royal Garments” МЧЖ нинг тикувчилик тармоғи билан ҳам яқиндан танишиб, ўз тавсияларини бердилар.
Эътироф этилганидек, профессионал таълим тизимида хориж тажрибасидан фойдаланиш жуда муҳим. Бу жараёнда халқаро тажриба, жумладан, Қозоғистоннинг таълим тизимида ихтисослашган соҳавий хизматлари билан фаол ҳамкорлиги йўлга қўйилаётгани айни мақсадга мувофиқдир. Касб-ҳунар мактабларида назарий ва амалий билимларни ўзаро уйғунлаштириш, амалиётга йўналтирилган дуал таълим тизимини жорий этиш ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланишни ўргатиш орқали ўрта бўғинда рақаботбардош мутахассислар тайёрлаш бунда асосий мақсадга айланмоқда.
Шунингдек, меҳмонлар политехникум жамоаси, ўқитувчилар ва улар шогирдлари билан суҳбатлашиб, таълим жараёнини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари, ўқув дастурлари, таълим баъзаси, инфратузилма ва қўлланилаётган онлайн ва офлайн ўқитиш шакллари афзалликлари, таълим жараёнини бошқариш ва тармоққа замонавий технологияларни жорий этишнинг долзарб амалий ва назарий жиҳатларини дуал таълим амалиётида қўллаш бўйича ўзаро тажриба алмашдилар.
Учрашув якунида икки томон ўртасида келгуси ҳамкорлик ва истиқболли режалар келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати