Zhongshan шаҳрида Бухоро вилоятининг «Савдо уйи» ташкил қилинди
2024-12-19 20:15:00 / Янгиликлар
Ташриф доирасида Хитой халқаро технологик ва ҳамкорлик ассоциациясида Хитойнинг йирик электротехникалар ва энергетика соҳасидаги «China Lesso» компанияси билан Бухоро вилоятида электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда энергетика соҳасида хусусий сектор билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Компания мутасаддилари билан мулоқотда сўнгги йилларда Ўзбекистон – Хитой ўртасида барча соҳалар қатори энергетика тармоғида, хусусан, «яшил» энергетикани ривожлантириш борасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани, бу борада икки мамлакат раҳбарларининг мазкур соҳаларни фаол қўллаб-қувватлаётганликлари ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққани алоҳида қайд этилди.
Хусусан, олиб борилган ишлар натижасида бугунги кунда Хитойнинг «Gezhouba Overseas Investment Group» компанияси томонидан Қоровулбозор туманида қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қуриб фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда у энергетика тармоғига тўлиқ қувватда «яшил» электр энергиясини етказиб бермоқда.
Музокара давомида Бухоро вилоятининг инвестицион муҳити тўғрисида тақдимот қилинди ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Компания раҳбарияти Когон туманида барпо этилаётган «Бухоро саноатни ривожлантириш парки» махсус саноат зонаси қизиқиш уйғотди ва бу ҳудуд инвесторлар, хусусан, хитойлик сармоядорлар учун инвестиция киритиш учун жуда катта имконият эканлиги таъкидланди.
Шунга кўра, мазкур саноат паркида электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастлабки ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу билан бирга, Зҳонгшан шаҳри раҳбарияти билан музокаралар олиб борилди ҳамда ҳар томонлама ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди. Хусусан, 2025 йилнинг 2- чорагида «Бухоро - Zhongshanинвестиция форуми»ни ўтказишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, Бухоро делегацияси Зоншан шаҳрининг бир қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди, икким томонлама манфаатли ҳамкорлик қилиш юзасидан музокаралар ўтказилиб, қатор келишувларга ҳам эришилди.
Жумладан, «Guangzhou Chunyiyuan Co LTD» компанияси билан ҳамкорликда озиқ-овқат саноати учун бир марталик ишлатиладиган идишлар, «Мингянг» компанияси томонидан трансформаторлар, "Таили" компанияси билан бирга уй-рўзғор буюмлари ҳамда махсус униформалар (зирхланган) ишлаб чиқаришга келишиб олинди.
Шунингдек, Зҳонгшан шаҳрида Бухоро вилоятининг «Савдо уйи» ташкил қилинди. Мазкур савдо уйида Бухоро вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилади. Бу ўз навбатида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар учун маҳсулот экспортларини амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.
Ташриф давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати