Қоровулбозор: Эгамбердиевлар оиласи иссиқхонасида цитрус мева етиштирилмоқда
2024-12-19 19:00:00 / Янгиликлар
Туманнинг маъмурий 1-секторига қарашли бу маҳаллада айни кунда аҳолининг асосий қисми деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, тирикчилигини ўтказмоқда. Мураккаб иқлими ва тупроқ шароитига қарамасдан, навбаҳорликлар орасида томорқа еридан самарали фойдаланиб, аввало оиласи, рўзғори эҳтиёжини қондираётганлар сафи кенгаймоқда.
Ҳозирда мавжуд 710 та хонадоннинг ҳар бирида 2 сотихдан 15 сотихгача томорқа ери бўлса, ана шу экин ернинг ҳар қаричидан самарали фойдаланиш тажрибаси ошмоқда. Масалан, Маърифат кўчасида истиқомат қилаётган Маҳлиё Бешимова, Гулистон кўчасида яшовчи Файзулло Сайфуллаев ва бошқалар томорқачилик маданиятига кўплар ҳавас қилади. Уларнинг 6-9 сотихли томорқа ерларида ҳар йили пешма-пеш сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётгани баробарида, иссиқхоналарида 50 тупдан 80 тупгача цитрус мева буталари ҳам парваришланаётгани юқоридаги фикримиз далили.
Шундай миришкор хонадонлардан бири Навбаҳор маҳалласида кўп йилдирки, деҳқончилик қилиб, мўмай даромад орттираётган Эгамбердиевлар оиласидир. Бу манзилда оила соҳиблари Анвар Эгамбердиев ҳамда умр йўлдоши Ҳафиза Эгамбердиевалар ҳовли этагидаги экин ерининг қарийб 1,5 сотих майдонида иссиқхона барпо этиб, мўл ҳосил етиштириб келади. Аниқроғи, мўъжаз иссиқхона қишин-ёзин яшнаб турганини кўриш мумкин. Аввало, бунда картошка, помидор, бодринг экиб етиштирилиб, рўзғор кам-кўсти қоплангани баробарида кейинги йилларда лимон бутаси ўтқазиб, парваришга киришилган. Бугунга келиб эса иссиқхонада машаққат билан парваришланаётган 20 туп лимон, 3 туп мандарин ҳамда 2 туп апельсин кўчатлари алақачон ҳосилга кирган.
—Ўзим нефть-газ, бурғулаш соҳасида ишлайман. Иссиқхона меҳнатини асосан умр йўлдошим ва фарзандларим зиммаларига олишган,—дейди оила соҳиби Анвар Эгамбердиев.—Мен ҳам бўш пайтимда албатта, экин ерида ишлаб, уларга ёрдамлашаман. Шу кунларда етилиб пишаётган цитрус мевадан 1 тоннага етказиб ҳосил олиш ҳаракатидамиз. Бу ҳосилни бозор расталарига чиқариб, моддий манфаатдорлигимизни оширяпмиз. Асосийси, ҳар бир қарич экин ери бизда ҳисоб-китоблик. Бута кўчатлари орасида эса кечки картошка экиб етиштириш билан бирга, бир томонида “тўқсонбости” усулида исмалоқ ва турли кўкатлар етиштириб, яхшигина фойдага эга бўлмоқдамиз.
Меҳнат муҳтожликдан қутқаргани каби томорқа иши ҳам аввало одамлар турмуш даражаси яхшиланишига, мададга муҳтож ночор оилаларни қийин вазиятдан чиқаришга ва даромадли қилишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати