Бухоро туманида 28-сонли умумтаълим мактаби қўшимча ўқув биноси фойдаланишга топширилди
2024-12-18 18:50:00 / Янгиликлар
Инвестиция дастури асосида жорий йил тумандаги 28-сонли умумтаълим мактабида давлат бюджетидан ажратилган 1 миллиард 113 миллион сўм маблағ ҳисобига қўшимча 270 ўқувчи ўрнига эга замонавий ўқув биноси қурилгани “Гулшанобод” МФЙ да яшовчи аҳоли, айниқса, ота-оналарни жуда хурсанд қилди.
— Гулшанободда фаолият юритиб келган умумтаълим мактаби ўтган аср етмишинчи йилларида барпо қилинган бўлиб, 2009 йилда қайта реконструкция қилинган, – дейди мактаб директори Мадина Сафарова. — Аммо кейинги йилларда аҳоли сони ошгани баробарида қўшимча ўқув биносига эҳтиёж кучайган, дарс сабоқларини эса икки навбатда ташкиллаштиришга тўғри келаётганди. Негаки, 540 ўринга мослашган бинода шу кунга қадар 940 нафар ўқувчи ўғил-қиз тушгача ва тушдан кейинги сменада дарсларга қатнаб келишган.
Ниҳоят, мактаб маъмурияти ва маҳаллий аҳоли мурожаатлари асосида таълим даргоҳи кенгайтириладиган, ҳудудда қўшимча 270 ўринли замонавий ўқув биноси қурилиши лойиҳалаштирилиб, зарур сармоя ажратилди. Эндиликда янгича андозадаги шинам бино туфайли ўқитиш тизимини ҳам янгилаш, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишда мактаб педагогик жамоаси зиммасига ҳам алоҳида масъулият юкланмоқда.
Мактаб қўшимча ўқув биносини фойдаланишга топширишда туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, педагогик жамоа, маҳалла фаоллари ҳозир бўлдилар. Сўзга чиққанлар маҳалла аҳли ва маскан жамоасини самимий табриклаб, гулшанободлик эртамиз эгаларининг фундаментал таълим олишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топишларида бу мактаб муҳим восита бўлишига ишонч билдирдилар. Тадбирда мактаб қўшимча ўқув биноси қурилишида жонбозлик кўрсатган бинокорларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Рамзий алвон лента қирқилгач, меҳмонлар янги ўқув биносидаги имконият, ундаги синф хоналарида бўлишиб, ўқувчиларга яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати