Қоракўл: ҳудудда 9 минг гектардан ортиқ ер майдони чуқур шудгор қилиниб, “шўри ювилмоқда”
2024-12-18 16:35:00 / Янгиликлар
Таҳлиллардан кўринишича, жорий кеч кузги ва қишки мавсумда ҳудудда 9 минг 132 гектар майдонда шудгорлаш ишларини талаб даражасида ўтказиш кўзда тутилган ва бугунга келиб бу долзарб ишнинг қарийб 8 минг гектарида амалиёт муваффақиятли уддаланди. Бунинг учун ҳозирда фермер хўжаликлари далаларида 13 та отряд ташкил этилган бўлиб, юқори унумдор 43 та ҳайдов трактори ва механизаторларининг жойларда тизимли иш ташкиллаштириши учун барча шарт-шароит яратилган.
Мавжуд транспорт воситалари, техника ва мехенизм, омочлар янгиланган. Бир мавсумга етарли талаб этилган эҳтиёт қисмлар, ўғит ва ёқилғи таъминоти узлуксизлиги таъминланмоқда. Қишки муҳим агротехник жараёнда дала меҳнаткашлари, механизаторлар муносиб рағбатлантирилмоқда.
Жорий 2024 йилги деҳқончилик мавсумида эрта баҳордан тумандаги 240 та фермер хўжалиги томонидан жами 9 минг 100 гектар ғўза майдонида серҳосил навларга мансуб чигит экиб, баракали ҳосил етиштирилган. Соҳада қўлланилаётган инновацион технологиялар асосида ялпи майдоннинг 3,5 минг гектарида чигит плёнка остида экилиб, агротехник талаблар асосида пахта етиштирилган. Томчилатиб суғориш технологиялари тадбиқ қилинаётгани боис сув сарфи камайиб, ернинг унумдорлиги оширилаётгани хўжаликлар моддий манфаатдорлигини ҳам оширмоқда. Айрим фермер хўжаликларида пахтадан 70 центнергача ҳосил олинмоқда.
Мутахассислар ҳисоб-китобларича, ҳозирда экин ерига асосий озуқа сифатида органик, фосфорли ҳамда калийли ўғитлар қўлланилмоқда. Контурларда чуқур шудгорлашдан олдин ҳар гектарига 200-300 килограмдан фосфорли ўғит сепилиб, ҳайдалаётгани тупроқ мелиоратив ҳолаини яхшилаб, эртанги ҳосил салмоғида бўй кўрсатади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати