Вобкент: ариқларни бетонлаштириш 30 фоизгача сув исрофгарчилигига барҳам беради
2024-12-18 15:00:00 / Янгиликлар
Ҳудудда 2024-2025 йилларда куз-қиш мавсумида режалаштирилган ирригация тадбирларига биноан, жумладан, туман Ирригация бўлими томонидан хўжаликлараро каналлар ва ариқларни тозалаш режаси 210 километр белгиланган бўлиб, шундан сўнгги икки ойда 6,3 километр масофадаги сув йўли ўзани қўл кучи ва махсус техникалар ёрдамида тозаланиб, бетонлаштириш ишлари талаб даражасида олиб борилган. Фермер хўжаликларида ишнинг уюшқоқлик билан ташкиллаштирилаётгани самараси ўлароқ, бу борада жорий йил якунигача умумий ҳисобда 37 километрдан ошиқ ариқ ўзанини бетонлаштириш ишлари ниҳоясига етказилади.
Айни кунда туманда сув хўжалиги ташкилотларига қарашли 26 та ирригация тармоғидан фойдаланиб келинаётган бўлиб, бу хўжаликлараро каналар узунлиги 143 километрни ташкил этмоқда. Ушбу каналларнинг айни пайтда 100 километрдан ошиқ қисми бетонлаштирилган бўлиб, қолган тупроқ ўзанли қисмини таъмирлаш ва сув равон, исрофгарчиликларсиз оқиб ўтишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Қолаверса, туманда кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 460 километр ички канал ва ариқлардан тўғри, унумли фойдаланиш долзарб вазифага айланган. Зеро, бундан мақсад суғориш мавсуми даврида ички суғориш тармоқлари орқали етказиб берилаётган “об ҳаёт”нинг 30 фоиздан кўпроғининг йўқотилиши ёки ерга сингиб кетиши олдини олишдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати