Олот: Жумаевлар иссиқхонасидан байрам дастурхонига сархил помидор етказилмоқда
2024-12-17 18:15:00 / Янгиликлар
![Олот: Жумаевлар иссиқхонасидан байрам дастурхонига сархил помидор етказилмоқда](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F2d1780f6-faa1-993e-9077-00656ffe72b1_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
Деҳқончиликдан барака топаётган меҳнаткаш хонадон бугунга келиб экин ерининг 17 сотих қисмида иссиқхона барпо қилиб, ҳар йили уч мартагача картошка, помидор, бодринг, булғор қалампири ва турли кўкатлардан мўл ҳосил етиштирмоқда.
Жорий йил иккинчи ярмида Жумаевлар оила аъзолари иссиқхона ишига алоҳида эътибор қаратиб, серҳосил навга мансуб помидордан яхшигина ҳосил олиш арафасидалар. Бундан қўлга киритилаётган даромад салмоғи эса 200 миллион сўмдан кам эмас. Ҳолбуки, хўжаликда ўтган йилги деҳқончилик мавсумида иссиқхонада етиштирилган сабзавот-полиз маҳсулотларидан 150 миллион сўмдан ортиқ фойда олишга эришилган.
Албатта, мутахассис агрономлар билан маслаҳатлашган ҳолда иссиқхона агротехникасига қатъий амал қилиб, сабзавот маҳсулотлари мавсумига қараб, алмашлаб экилмоқда. Шу йилнинг август ойларида иссиқхонани тайёрлаб, ерни маҳаллий ўғитга тўйинтириб, обдон суғориб, сўнг чуқур ҳайдаб, помидорнинг “Бетис” навидан 20 минг дона кўчат ўтқазилиб, парваришга киришилган. Ниҳолларга вақтида дорилаш, биологик ишлов ҳам берилган. Биламизки, иссиқхона меҳнати осон иш эмас, шу боис, Жумаевлар 17 сотихли иссиқхонага қўни-қўшнидан ҳам 4 нафарини ёллаб, уларни ҳам қуруқ қўйишмаган.
— Ернинг “тили”ни билиб, астойдил тер тўккан киши асло кам бўлмайди. Тўғри, плёнка остида ҳосил етиштиришнинг машаққати ҳам кўп. Қишки мавсумда бу алоҳида ёндашув ва маблағни тақозо этади. Аммо шунга қарамасдан, оиламиз билан бор имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз,—дейди хонадон соҳиби Муҳаммад Жумаев.—Муҳими, бозорда ўз ўрнимизни топиб, меҳнатимизга яраша моддий манфаат топаяпмиз. Кўриб турганингиздек, янги йил байрами арафасида ҳосил тайёр бўлди, помидордан яхши ҳосил кўтариш ҳаракатидамиз.
Шубҳасиз, деҳқончиликда катта тажриба орттирган хонадонда олинаётган маҳсулот ҳам оила фаровонлигига хизмат қилмоқда. Ҳалол меҳнатдан келаётган даромад оила орзу-ҳаваси рўёбига, фарзандлар таълим-тарбиясига, рўзғор бадастирлигига сарфланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати