Жонгелдиликлар учун озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинди
2024-12-14 16:35:00 / Янгиликлар
“Жонгелди” МФЙ даги кенг яйловларда асосан чорвадорлик, йилқичилик, шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиб келинаётган асосан қозоқ миллатига мансуб қардошларимиздан таркиб топган 800 нафарга яқин аҳоли умргузаронлик қилмоқда.
Узоққа бормайлик, ўн йил бурунги Қизилравот бугунги овулидан тубдан фарқ қилади. Буни овул аҳолиси турмуш тарзида яққол кўриш мумкин. Масалан, 2021 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, яроқсиз электр тармоқлари ҳамда трансформаторларини, симёғочларини бетон устунга янгилаш, йўл қурилиши каби ишлар бажарилиб, ҳудуд қиёфаси ўзгарди. Давлат дастури доирасида ҳудудда Қизилравот ҳамда Қизилқум қишлоқлари ички кўчалари асфальт қилинган. Электр таъминоти яхшиланиб, трансформатор таъмирланган. Шунингдек, 960 та симёғоч янги бетон устунига алмаштирилган ва 102 та симёғоч янгидан ўрнатилган. Мавжуд 12 та кўчага ёритиш чироқлари ўрнатилган.
Хусусан, овулида зарур инфратузилма––электр энергияси, йўл, иссиқлик тизими, истеъмолга яроқли тоза ичимлик сув таъминоти, сувоқава тармоғини қуриш ва талаб даражасида таъминлаш ишлари бажарилган. Мавжуд ижтимоий соҳа объектлари таъмирланиб, чўлқуварларга муносиб турмуш шароитлари ҳозирланмоқда.
Бугун жонгелдиликлар учун асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярамаркаси ташкил этилди. Бундан овулда яшовчилар янги йил дастурхони учун арзон нархлардаги кундалик зарур қишоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш имконига эга бўлдилар. Туман ҳокимлиги, “Пешкў деҳқон бозори” МЧЖ томонидан ташкил этилган ярмаркада шакар, тухум, картошка, пиёз, ёғ, гуруч, мева-сабзавотлар ва бошқа зарур озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархда етказилгани чўлқуварлар оилаларини хурсанд қилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати