Қоракўл: 29 та маҳаллада арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкиллаштирилди
2024-12-14 13:20:00 / Янгиликлар
Ушбу савдо ярмаркаларида кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига мақбул нархларда сотувга қўйилган. Расталар ҳар куни янги ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, салқин ичимликлар, гўшт, ёғ, гуруч, умуман олганда, байрам дастурхони учун энг керакли ноз-неъматлар билан тўлдирилмоқда. Бу вазият тақозосига кўра, байрам дастурхони харидини ҳафта-ўн кун олдин бадастир қиладиган юртдошларимиз учун яна бир қулайлик. Албатта, бунда нарх-навонинг ҳамёнбоп бўлиши айни муддао.
Айни кунда чекка туманда “Қоракўл деҳқон бозори” МЧЖ томонидан аҳоли турмуш фаровонлиги, дастурхони тўкинлигини таъминлаш, байрамни юқори кайфиятда нишонланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароит ҳозирланмоқда. Хусусан, туманнинг барча 50 та маҳалла фуқаролар йиғинида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда.
— Шу кунгача ҳудуддаги 29 та маҳаллада жами 77 маротаба арзонлаштирилган нархдаги савдо ярмаркалари ўтказилиб, уларда ҳозиргача 90 тоннадан ошиқ озиқ-овқат маҳсулоти сотилган бўлиб, шундан қарийб 30 тонна картошка, 13 тонна пиёз, 10 тонна сабзи, 11 тонна гуруч, 8,5 тонна гўшт, 6 тонна парранда гўшти, 15 тонна миқдорида ун, қолаверса, 5,3 тонна ўсимлик ёғи арзонлаштирилган нархларда аҳолига тақдим қилинган, — дейди туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Санжар Ҳусенов. — Бундан ташқари, қиш-баҳор мавсумида аҳолининг сабзавот-полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, бозорда нарх-навонинг барқарор бўлиши учун туманда зарур озиқ-овқат захираси яратилган.
Бу борада биргина “Қоракўл деҳқон бозори” МЧЖ ни олсак, мавсум бошидан буён жами 2 145 тонна махсулот заҳира қилинган бўлиб, шундан 650 тонна картошка, 535 тонна пиёз, 210 тонна пахта ва ўсимлик ёғи ҳамда 750 тонна гуруч маҳсулоти жамғарилган.
Қайд этиш жоизки, арзонлаштирилган ярмаркаларда қадоқланган пахта ёғи 14000 сўм, ўсимлик ёғи 16000 сўм, картошка 4000 сўм, тухум 1000 сўм, пиёз ва сабзи 2000 сўмдан сотилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилаётган бундай арзонлаштирилган ярмаркаларда деҳқон, фермер хўжаликлари, дала майдонларида етиштирилган сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда харидорларга тақдим этилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати