Ғиждувон: "Ортиқ Дилнавоз" МЧЖда юздан ошиқ хотин-қиз бандлиги таъминланмоқда
2024-12-13 19:10:00 / Янгиликлар
Шу мақсадда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ишчи гуруҳи бир гуруҳ тадбиркор аёллар ҳамроҳлигида Ғиждувон туманидаги "Ортиқ Дилнавоз" ишлаб чиқариш корхонасида бўлдилар.
“Гулистонобод” МФЙда яшовчи “Аёллар дафтари”нинг 1-босқичида рўйхатга киритилган Дилнавоз Саидова давлат кўмагида 6 ойда ўзини ўнглаб олган аёллардан. Дастлабги фаолиятини 2021 йил февралида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида 30 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб, замонавий русумдаги 7 та тикув машинаси харид қилган, шундан сўнг, ярим йилда ўзи сингари 30 нафар хотин-қизни атрофига бирлаштириб, иш билан банд қилган. Ўшанда унга маҳалладаги қаровсиз бўлган бино бепул фойдаланиш учун берилган. Тадбиркорга айланган аёл даромади ҳисобидан бу бинони таъмирлаб, тикув цехи фаолиятини йўлга қўйганди.
Дилнавоз Саидова айни кунда "Ортиқ Дилнавоз" МЧЖ раҳбари. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фаолиятида касаначиликни йўлга қўйиб, 100 га яқин чевар хотин-қиз бандлигини таъминламоқда.
Бу тикув цехида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар асосан ички бозорга йўналтирилмоқда. Кичик фабрикада бир ойда 5 минг дона аёллар кийим-кечаги, 60 минг дона аёллар рўмоли ва бошқа турдаги либослар тайёрланмоқда. Ички имкониятларини кенгайтириш ҳаракатида бўлган Дилнавоз Саидова кейинги босқичда яна 50 нафар хотин-қизни иш билан таъминлашни мақсад қилган. Эътиборлиси, унинг қўли остидаги жамоа асосан ҳудудда ижтимоий муҳофазага олинган, камхарж оилалар аъзоларидан шакллантирилган бўлиб, улар ўз меҳнати эвазига ишлаб, даромад топишмоқда.
Дилнавоз Саидова тиниб-тинчимаслиги, бизнес ташаббускорлиги туфайли қисқа муддатда сифатли, рақобатбардош маҳсулотлари билан ички бозордан ўрин эгаллади. Жорий йилнинг август ойида тадбиркор аёл “Бинесни ривожлантириш банки“ ҳамда “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” томонидан “Энг фаол аёл тадбиркор“ номинациясида ғолибликни қўлга киритганди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати