Вобкент: Чойхона қишлоғилик Тўхтаевлар иссиқхонасида булғор қалампири етилмоқда
2024-12-12 12:30:00 / Янгиликлар
Айни кунда ҳудуддаги Пичоқчи, Халач, Оғари, Калтаработ, Роме, Бойлик, Шакаркент каби қишлоқларда умумий ҳисобда 1 минг 69 та хонадон, 2 минг 300 га яқин оила ва жами 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларда аҳоли томорқаларидан, иссиқхоначилик хўжаликларида исталган фасл ёки мавсумда сара ҳосил етиштирилаётганини кўриш мумкин.
Жумладан, Халач ва Пичоқчида чоғроққина экин еридан йилда 3 мартагача ҳосил олиш ҳадисини ўзлаштирган миришкор оилалар талайгина. Маҳаллада “Бир қишлоқ – бир маҳсулот” тамойили асосида помидор, бодринг, картошка, карам ва бошқа сабзавот маҳсулотлари, “тўқсонбости” экинлар, қолаверса, кўкат етиштириб мўмай фойда олиш яхши анъанага айланган.
Кўп йилдирки, маҳалла миришкорлари ўз иссиқхоналарида баракали ҳосил етиштириб, нафақат маҳаллий бозорда, балки қўшни туманларга ҳам сотиб, шунинг орқасидан даромад орттириб келишмоқда. Омилкорлар маҳалласида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Вобкент томорқа хизмати” корхонаси, “Вобкент томорқа экспорт хизмати” кооперативи, яъни иссиқхона хўжалигини қўллаб-қувватловчи субъектлар фаолияти ҳам йўлга қўйилгани деҳқон–миришкорлар учун айни муддао.
“Халач” МФЙ Чойхона қишлоғида яшовчи Шаҳзода Тўхтаева хонадонида ҳам оила аъзолари 15 йилдан буён иссиқхонада ишлаб, ҳар йили қишки мавсумда қишлоқ хжалиги маҳсулотлари етиштириб келишаётгани таҳсинга лойиқ. Томорқа ерининг 3 сотих майдонидаги иссиқхонада шу кунларда булғор қалампири етиштирилаётган бўлиб, миришкорлар бундан ҳадемай 13 миллон сўм даромад олишни кўзлаб туришибди.
Оила бекаси Шаҳзода Тўхтаеванинг айтишича, йил бошидан экин ерининг бир қаричини ҳам бўш қолдирмасдан, унда пешма-пеш картошка, помидор, бодринг, булғор қалампири парваришлаб келишаётгани натижасида хонадонда рўзғор кам-кўсти қопланмоқда. Бу оиланинг 4 нафар аъзоси тиниб-тинчимаслиги ортидан ҳар йилги “режа-график”ка биноан, февраль, март ойларида эртапишар помидор кўчатлари уруғдан экиб ундирилиб, томорқачи аҳоли хонадонларига етказиб берилади. Албатта, бундан эришилаётган фойда ҳам чаккимас.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати