Вобкент: “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури — амалда
2024-12-07 17:30:00 / Янгиликлар
Жумладан, сабзавотчилик йўналишида 12 та, картошкачиликда 2 та, полизчиликда 4 та, мева-боғдорчилик, резавор ҳамда сархил мева етиштиришда, парранда ва чорвачилик тармоғида жами йигирмадан ортиқ, қолаверса, анор ва анжир етиштириш, ҳовлиларда сархил навли токзорларни кенгайтиришда алоҳида хўжаликлар шакллантирилаётгани ҳам аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида банд бўлган иссиқхоначи хонадонлар моддий манфаатдорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Туман ҳокимлиги, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ҳамкорлигида Ғарибшоҳ ва бошқа маҳаллаларда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида кўргазмали семинарлар ташкиллаштирилмоқда.
Айни кунда Вобкент туманида аҳоли томорқачилари сони 30 минг 809 нафарга етган бўлса, 2 минг 853 гектар ер майдонида сабзавот-полиз маҳсулоти етиштирилмоқда. Таҳлилардан кўринишича, 2023 йилда тумандаги 617 та хонадонда жами 8,6 гектар ерда иссиқхона хўжалиги фаолият юритган бўлса, жорий йил бугунга келиб иссиқхона майдони 10 гектардан оширилиб, иссиқхона хўжалигида банд бўлган хонадон сони 800 тага етказилган. Аниқроғи, бир йилда 183 та хонадон иссиқхоначиликка ўтиб, 1,7 гектар ерда плёнка остида маҳсуло етиштириб келинмоқда.
— Республика ишчи гуруҳи ва туман Фермер деҳқон хўжаликлари ва томарқа ер эгалари Кенгаши томонидан куни кеча "Ғарибшоҳ" МФЙ да истиқомат қилаётган яна 2 та камбағал оила бандлигини таъминлаш, даромадини яхшилаш мақсадида ҳомийлик асосида уйлари таъмирлаб берилган, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Озод Нўкаров. — Шунингдек, бу хонадонлар экин ери ҳайдалиб, “тўқсонбости” усулида сабзавот экинлари экиб берилган. Худди шундай, икки ҳовли томорқаси атрофида 30 тупдан ўрик ва лимон кўчатлари ўтқазилиб, парвариши бошланган. Умуман, ғарибшоҳликлар хонадонларига 1 минг тупдан зиёд мевали дарахт кўчати тарқатилиб, бўш ер майдонларида ўтқазилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 23 сентябрида қабул қилинган “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, “Бизнесга биринчи қадам” дастурларига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қиймати 30 миллион сўмгача бўлган кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар, мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан гаровсиз ва фоизсиз қарз маблағи ажратилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати