Жондор: “Далмунобод”да қурилган умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди
2024-12-07 12:35:00 / Янгиликлар
Жорий йил ижтимоий ишлаб чиқариш ва инфратузилма дастури асосида туманнинг Далмунобод маҳалласида 38-сонли умумтаълим мактаби янгидан барпо этилди. Ҳудудда аҳоли фарзандлари учун кўп йилдирки, талаб даражасидаги таълим муассасасининг бўлмагани ниҳоят, бу эҳтиёжни рўёбга чиқишига сабаб бўлди.
Мазкур лойиҳа қиймати 5 миллиард 500 миллион сўмга молиялаштирилган бўлиб, 660 ўқувчи ўрнига эга мазкур таълим даргоҳи биносининг қурилишида маҳаллий пудратчи субъектлардан “Зайниддин Ҳаловуддин” МЧЖ бинокорлари жонбозлик кўрсатдилар.
Куни кеча замонавий андозада қад ростлаган таълим масканини фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари, мактаб педагогик жамоаси ҳозир бўлдилар.
— Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 32 йиллиги арафасида янги мактабга эга бўлганимиз нафақат ўқувчиларимиз ва ҳамкасблар, бутун маҳаллаламиз учун кўпдан кутилган катта совға бўлди, – дейди 38-сонли умумтаълим мактаби директори Фаёз Турсунов. — Айни кунда мактабимизда 540 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда ва улар учун зарур шарт-шароит бекаму кўст яратилган. Ҳозирда янги бинода ҳозирланган қулайликлар, синф хоналари етарлича жиҳозлангани малакали ўқитувчилар учун катта ютуқ, албатта. Янги таълим даргоҳи янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар мактаб жамоаси ва ўқувчиларни самимий табриклаб, ёшларнинг юрт учун муносиб фарзандлар бўлиб вояга етишларига ишонч билдирдилар. Рамзий алвон лента қирқилгач, йиғилганлар таълим масканида яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати