Олот: Абдураҳмонов хўжалигида қишда ҳам томорқадан ҳосил олинмоқда
2024-12-07 09:50:00 / Янгиликлар
"Жайхунобод" МФЙ да ўз меҳнати, тиниб-тинчимаслиги ортидан ҳам рўзғори, ҳам қишлоқдошлари дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшаётган томорқачилар оз эмас. Боиси маҳалланинг ўзида бу каби муаммолар ечимини топмоқда. Ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида томорқачи миришкорлар имтиёзли кредит маблағи билан қўллаб-қувватланиб, бизнес лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани, одамлар ҳалол меҳнат қилиб, модлдий манфаат топаётгани қувонарли, албатта.
Шундайлардан бири Абдураҳмоновлар оиласи томорқани бутлаб, яна чорва моллари ва парранда боқиб, хўжаликда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, даромад топишмоқда. Оилавий меҳнат ортидан рўзғор кам-кўстини қоплаб, тўкин ва хотиржам умргузаронлик қилаётган Исроил Абдураҳмонов турмуш ўртоғи, ўғли, келини, ҳатто икки нафар набираси билан биргаликда экин ерини обод қилишиб, рўзғор эҳтиёжини қондиришмоқда.
Ўтган йили Зайнура Абдураҳмонова иссиқхона қуриш таклифини билдиргач, оила аъзолари уни қўллаб-қувватлашган, бугунга келиб эса имтиёзли кредит маблағи эвазига барпо қилинган мўъжаз иссиқхонада қишки мавсумда сара маҳсулот етиштирилмоқда. Бир томонда эса оғилхонада туёқ сони кўпайтирилиб, сигир-бузоқ ва 50 бош товуқ парвариши рисоладагидек. Демак, рўзғорда сут-қатиқ, сариёғ, тухум деҳқончилик маҳсулоти.
Хўжалигида яхшигина тер тўкаётган оила аъзолари шу йил бошидан иссиқхонада картошка, саримсоқпиёз, исмалоқ, булғор қалампири, кашнич ва бошқа кўкатларни етиштириб келишмоқда.
— Шу кунларда товуқларимиздан кунига 10 донадан ортиқ тухум олаётган бўлсак, сигиримиздан кунлик 10 литрга етказиб сут соғиб олаяпмиз, — дейди хонадон соҳиби Исроил Абдураҳмонов. — Фарзандлар, набираларимиз учун ҳам кундалик дастурхонимизда сут-қатиқ ва тухум сероб. Яна резаворлар, кўкатлар танга дармонда.
Бу хонадон ҳовлисида 30 дан ортиқ мевали дарахт, мўъжаз токзор ҳам бор. Демак, ҳар йилги пишиқчилик мавусумида сара мева, узум ҳам рўзғор эҳтиёжи учун етарлича жамғарилмоқда. Ҳатто, бир четда хурмо дарахтлари ҳам йилига ўртача 300 килограмдан ҳосил бераётгани хонадон аъзолари миришкорлигидан далолат. Эътиборлиси, қиш фасли кириб келганига қарамасдан, бу хўжалик томорқасида ҳалигача ҳосил йиғиш ишлари давом этмоқда. Шу кунларда такрорий экин сифатида экиб етиштирилган карам ҳосили заҳира қилинмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати