Вобкент: Ўзбакон кўприги янгиланиб, фойдаланишга топширилди
2024-12-05 21:20:00 / Янгиликлар
Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлдаги 259-сонли махсус қарорига асосан Вобкент тумани "Ўзбакон" МФЙ дан Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда Вобкент ва Ғиждувон туманларини боғловчи мазкур кўприкда қайта қуриш, тиклаш ишлари бошланди. Шаҳарлараро аҳамиятга эга кўприкни тиклашга доир лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмни ташкил этиб, бунда пудратчи ташкилот Ромитан йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси ишчи-мутахассислари алоҳида жонбозлик кўрсатдилар. Ўтган ойларда бу манзилдаги кўприк қурилишида ўттиздан ортиқ қурувчи ва йигирмадан ортиқ техника кучидан фойдаланилди.
Ўзбакон билан қўшни маҳаллаларни боғлаб турган, эни 14 метр, узунлиги 24 метрдан иборат мазкур кўприкдан фойдаланиб келинаётганига ҳадемай 50 йил тўлади. Ўтган аср етмишинчи йилларида барпо қилинган бу кўприк, қатнов қисми 1989 йилда ҳар икки тарафга 12 метрли плита билан кенгайтирилган. Автомобиллар қатнови учун эса вақтинчалик айланма йўл ташкил этилган. Худди шундай, ҳудудда йўл сифатини яхшилаш ҳамда аҳоли ва транспорт воситалари ҳаракатланиши учун қулайлик яратиш мақсадида асосий ва ички йўлларни қайта реконструкция қилиш иши давом эттирилмоқда.
Қайта барпо қилинган кўприкни фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж. Арашов, шунингдек, республика ишчи гуруҳи аъзолари, туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари, йўлсозлар жамоаси ҳозир бўлдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар янги қурилган ўтказиш воситаси аҳоли ва йўловчиларга кўп йил хизмат қилишини таъкидладилар. Кўприк қурилишида иштирок этган йўлсозлар, ромитанлик ишчи-мутахассисларга миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Янги кўприкнинг рамзий лентаси қирқилгач, унинг биринчи фойдаланувчилари сифатида нуронийлар йўлларимиз ҳамиша равон бўлиши, бу каби кўприк ва йўллар қурилиши йўловчилар мушкулини осон қилишини тилаб дуога қўл очдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати