Қоровулбозор: “Тинчлик” МФЙ да суғориш тизимлари тортилмоқда
2024-11-28 11:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрида “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сонли фармони қабул қилинган. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Тинчлик” МФЙ нинг Бобур кўчасида 1 километр масофадаги бетон ариқ тортилмоқда.
Чўлқуварлар тумани марказида жами 73 та кўп қаватли уй бўлиб, уларда 4 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Шу кўп қаватли турар жойларнинг 51 таси "Тинчлик" маҳалласида жойлашган бўлиб, мазкур аҳоли яшаш уйларини қишги мавсумга тайёрлаш мақсадида турар жойлар том қисмлари жорий таъмирдан чиқарилаётгани баробарида кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлардаги ерлар тартибга келтирилиб, айни кунда мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишга эътибор кучайтирилган. Маҳаллалар фаоллари, аҳоли вакиллари бажонидил дарахт ниҳолини ўтқазиб, чор-атроф яшиллигига ўзига хос ҳисса қўшишмоқда.
Шу кунгача бу борада “оби ҳаёт”ни турли манбалардан ташиб келтириб ёки ерости артезиан сувларидан фойдаланиб келинган. Ниҳоят, чўлқуварлар заминида хайрли ташаббусга қўл урилиб, ўтган ойдан Имом Бухорий маҳалласининг Мустақиллик ҳамда Чўлқувар маҳалласининг Темир йўл, Геологлар ва Бахт кўчаларига оқар сув етиб келди.
Айни кунда Тинчлик маҳалласида тортилаётган суғориш тармоқларининг қурилиш ишлари “G’ijduvon Perfect Conctruction” МЧЖ томонидан олиб борилмоқда. Хайрли ташаббус натижасида Бобур” кўчасидаги 220 та хонадон ҳамда кўп қаватли уйларнинг кўкаламзорлаштирилаётган қисмлари тўлиқ ариқ суви билан таъминланди.
Муҳими, оқар сув эндиликда бу ҳудудда ҳам кўркам боғлар барпо этилишига далолатдир. Қолаверса, аҳоли хонадонларидаги экин ерларида сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилиб, дастурхон тўкинлигига хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати