“Йил аёли” миллий танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди
2024-11-22 20:25:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 27 апрелдаги қарорига мувофиқ ташкил қилинган “Йил аёли” миллий танлови қуйи босқичида вилоятимиз шаҳар ва туманларидан жами 300 дан ортиқ аёл ўз имкониятини синовдан ўтказди. Вилоят босқичига ўтган талабгорлар ишлари 11 та номинация бўйича танлов ҳайъат комиссияси томонидан ўрганилиб, ғолиблар аниқланди.
Бугун Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида мазкур танловнинг вилоят босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, ташкилот, муассасаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ҳамда уй бекалари учун эълон қилинган.
Низом шартига мувофиқ, танловда 35 ёшдан юқори бўлган, ўзи фаолият кўрсатаётган ташкилот нуфузини оширишда фаоллик кўрсатаётган ҳамда ўз йўналиши ва мутахассислигида камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган аёллар, қолаверса, уй бекалари иштирок этдилар.
Тадбирда хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини юксалтириш, иқтисодий имкониятини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш йўналишларида қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди. Сўзга чиққанлар бугун жамиятимизда хотин-қизларнинг тутган ўрни, умуминсоний ва миллий қадриятларни мустаҳкамлашнинг аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Эътироф қилинганидек, айни кунда вилоятда турли соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар 335 мингдан ошган. Уларнинг 180 мингга яқини давлат ташкилотларида, 34 минг нафарга яқини нодавлат ташкилотларда, 121 минг 600 нафари хусусий секторларда фаолият юритмоқда. Хотин-қизларни жамият ҳаётида фаоллигини ошириш мақсадида 2019-2023-йилларда 4 мингдан ортиқ аёл раҳбарлик лавозимларига тайинланган.
Воҳада хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва “Маҳорат дарслари”да кейинги тўрт йилда жами 1 минг 640 нафар хотин-қиз турли касбга йўналтирилган. Натижада уларнинг бандлиги таъминланиб, мингга яқини ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва 8 мингдан ошиқ хотин-қизнинг иқтисодий ва ҳуқуқий билимлари оширилган.
“Йил аёли” миллий танловига келсак, ҳайъат қарорига биноан, нуфузли миллий танловнинг 11 та номинация бўйича вилоят босқичи ғолиблари эълон қилинди.
Жумладан, танловнинг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши ғоялар ташаббускори” номинациясида Бухоро муҳандислик технологияси институти ректори, доцент Садоқат Сиддиқова, “Йилнинг энг фаол олима аёли” номинациясида Бухоро давлат педагогика институти профессори, филология фанлари номзоди Нигора Сафарова, “Йилнинг энг ватанпарвар аёли” номинациясида Шофиркон тумани ИИБ катта инспектори Гули Очилова, “Йилнинг энг жонкуяр устози” номинациясида Ғиждувон тумани 21-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Лайло Каримова, “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси” номинациясида Пешкў тумани “Чеқирчи”МФЙ хотин-қизлар фаоли Вазира Умедовалар ўз тенгсизликларини исботладилар.
Худди шундай, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли” номинациясида Қоракўл тумани “Мирзақалъа” МФЙ дан тадбиркор Зулфизар Тўраева, “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси” номинациясида Ромитан тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Мамлакат Ражабова, “Йилнинг энг яхши уй бекаси” номинациясида Когон шаҳар “Мустақиллик” МФЙ дан Вазира Садикова, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” номинациясида АТ “Халқ банки” Шофиркон туман бўлими бошлиғининг ўринбосари Ҳилола Холова, “Йилнинг энг яхши ИТ- дастурчи аёли” номинациясида Жондор тумани “PIXEL STAR” МЧЖ дизайнери Маҳбуба Болтаева, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли” номинациясида республика Маънавият ва маърифат маркази Олот тумани бўлинмаси бош мутахассиси Диловар Жўраева ғолибликни қўлга киритдилар.
Ғолибларга вилоят ҳокимлиги ва ташкилотчиларнинг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати