Университет яна бир янги ётоқхонасига эга бўлди
2024-10-28 10:50:00 / Янгиликлар

Тадбирда университет ректори Обиджон Ҳамидов, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Аҳмедов ва бошқалар сўзга чиқиб, талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, айниқса, яшаш шароитларини яхшилаш, турар-жой билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар.
Юртимизнинг барча вилоятларида олий таълим муассасаларида талаба-ёшларни замонавий турар жой билан таъминлашнинг шаффоф ва самарали тизими жорий этилиб, барча қулайликларга эга бўлган талабалар турар жойларини қуриш учун қўшимча шарт-шароит яратилаётгани, хусусан, вилоятимизда ҳам талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, айниқса, яшаш шароитларини яхшилаш, турар-жой билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани эътироф этилди.
Шунингдек, очилиш маросимида қурилиш ишларида жонбозлик кўрсатган пудратчи “21 аср” акциядорлик жамияти раҳбари Анвар Қувондиқовга миннатдорлик билдирилди. Тўрт қаватли мазкур ётоқхона қурилиши умумий қиймати 19 миллиард сўмга молиялаштирилган бўлиб, унда талабаларнинг рисоладагидек яшаб, таҳсил олишлари учун барча қулайлик муҳайё қилинган.
Жумладан, ювиниш ва кир ювиш хоналари, қишки мавсум учун алоҳида иситиш қозонхонасига эга ётоқхона биносини зарур қаттиқ ва юмшоқ мебель, зарур инвентарлар билан жиҳозлаш учун университет маблағлари ҳисобидан 2 миллиард сўм сарфланган. Бугунга келиб бу кўркам иншоотда бўлғуси ёш мутахассислар учун маънавият-маърифат хоналари, интернет-компьютер хоналари, ҳар бир қаватда иккитадан ошхона ва кир ювиш, дазмоллаш хоналари шай қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати