Олот: Жумаевлар оиласи иссиқхонасида қишга муносиб заҳира тайёр
2024-10-24 12:55:00 / Янгиликлар
Айни кунда биргина Човдур маҳалласида ҳар 4 та оиланинг бирида, яъни маҳалладаги 350 тадан ортиқ хўжаликда ихчам иссиқхона қуриб, меҳнат ортидан яхши даромадга эришиб келинмоқда. Бунда йилнинг тўрт фаслида ҳам томорқани яшнатиб, аввало рўзғорга зарур сабзавот-полиз маҳсулотларини заҳира қилаётган хўжаликлар сафи кенгаймоқда. Маҳалла маъмурияти амалий кўмагида ҳудудда субсидия асосида иссиқхоначилик ҳам ривожлантирилмоқда.
Шу маҳаллада яшовчи Неъматжон Жумаев оиласини олсак, хонадон соҳиби томорқасининг 6 сотих ерида иссиқхона ташкил этиб, ҳар йили баракали ҳосил етиштирмоқда. Эрта баҳордан картошка, помидор, булғор қалампири, бодринг ва кеч кузга келиб турли кўкатлар ҳам экиб парваришламоқда. Шу кунларда эса бодринг ва булғор қалампири эгатларида нишона ҳосил бўй кўрсатган, ҳадемай маҳсулот саранжомланади. Томорқа ҳосили тез кунларда бозорга олиб чиқилади.
—Иссиқхонамиз ўрнида бир пайтлар ҳовуз бўларди. Ана шу жойни текислаб, обод қилиб, яхши ният билан иссиқхона барпо этганмиз,—дейди Неъматжон Жумаев.—Ерни боқсанг, ер сени боқади деган гап бежиз айтилмаган экан, ҳосилдорлик яхши, эндиликда иссиқхона майдонини кенгайтириб, лимон ва бошқа цитрус мева етиштиришни ҳам йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Бунинг учун маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида расмийлаштириб олган 33 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи қўл келмоқда.
Умуман, “Човдур” МФЙ раиси Феруз Собировнинг билдиришича, айни пайтда томорқачилик маданияти шаклланаётган ҳудудда бўш ерлардан, экин ери ҳар қаричидан унумли фойдаланиш мақсадида иссиқхоналарни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Ерга муносабатнинг ўзгараётгани боис, ҳадемай, човдурликларнинг ҳар икки хонадонидан бири иссиқхонасига эга бўлса, ажабмас. Албатта, бу йилнинг тўрт фаслида деҳқончилик қилиб, мўл ҳосил етиштириш, даромад топиш имконини беради.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати