Олот: "Нуробод"да супурги бизнесидан даромад топаётган оилалар кўпаймоқда
2024-10-16 12:20:00 / Янгиликлар
Аҳамиятлиси, бир нечта туманга сотиладиган уй супургиси шу ерда, аниқроғи, ундаги Зафаробод қишлоғининг уй хўжаликлари томонидан тайёрланади. Олиб борилаётган ўрганишлардан маълум бўлишича, маҳаллада 342 та хонадондан 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолининг бир қисми айнан супурги бизнеси билан машғул. Эътиборлиси, бу иш палапартиш, номига эмас, қишлоқдошларнинг уюшқоқлиги билан амалга оширилади ва меҳнатга яраша даромад топилади. Яъни, супурги учун хом ашёни етиштиришдан тортиб, уни тайёрлаб сотишгача бўлган жараён албатта осон иш эмас ва бу юмуш аҳоли якдиллигида бажарилмоқда. Асосийси, бундан хар бир хонадон манфаатдор.
Нурободлик уч ака-ука Собировлар кунига 150 дона супурги тайёрлаб, томорқани бутлаб, чорва ва парранда парваришлаб, моддий манфаатдорликларини оширмоқдалар. Ака-укалар томорқадан унумли фойдаланиб келишаётгани баробарида уйнинг ҳовлисида хом ашё ва янги тайёрланган супургиларни сақлаш учун махсус жой ҳозирлашган. Шу биргина хонадоннинг ўзида бир ойда 4 мингга яқин тайёр супурги бозори йўлга қўйилмоқда.
Латофат Собирова хонадонидаги супургилар сотишга чиқариш учун ҳозирланаётганлиги кўзни қувонтирмай қолмайди. Қолганлари ҳам талабга қараб бир-икки кунда бозордан ўз харидорини топиши аниқ.
— Бир пайтлар ота-боболаримиз рўзғорга қўшимча даромад бўлади, деб супурги боғлаб тайёрлаган, — дейди Латофат Собирова. — Ўшанда бу супурги маҳсулотини ўзлари, уйма-уй юриб сотишган. Ҳозирга келиб эса қишлоғимиздаги 60 тага яқин хонадонда супурги боғланса, қолган ҳамқишлоқларимиз шу хонадонларда меҳнат қилиб, умумий ишдан кунлик даромадга эга бўлишмоқда.
Шу ўринда Собировлар хонадонидаги 6 сотихдан иборат мўъжазгина томорқада ҳам кузги экинлар—саримсоқпиёз, пиёз, исмалоқ ва бошқа турдаги кўкатлар етиштирилиб, хонадонга қўшимча фойда киритилмоқда. Қолаверса, бу хонадонда 5 бош қорамол ва ўндан ошиқ парранда ҳам рўзғорни бутлаш, сут, қатиқ, қаймоқ ва тухум маҳсулотларини етиштириш мақсадида парваришлаб келинмоқда.
Халқимизда “иш билганга юз танга” деган нақл бежиз айтилмаган. Ибратли жиҳати, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, рўзғор эҳтиёжини қондираётган хонадон эгалари уч ўғилни уйлантириб, уй-жойли қилиб, уларни касб-ҳунарли қилишиб, меҳнат орқасидан орзу-ҳавасларини кўрмоқдалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати