Олот: “Денов”да харидорбоп қурилиш моллари тайёрланмоқда
2024-09-24 12:10:00 / Янгиликлар
"Денов" маҳалла фуқаролар йиғинида "Каромат Олтин омади" оилавий корхонаси иш бошлаганига кўп бўлмади. Бунда бино-иморатлар фасад қисми учун пардозбоп кошин, плиталарини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга ошириб келинади. Бу эса бундай маҳсулотга эҳтиёжи бўлган аҳоли вакилларининг узоғини яқин қилиб, айнан замон талабига мос, асосийси, ортиқча харажатларсиз қурилиш молларини шу ернинг ўзидан олиб фойдаланишга замин яратмоқда.
Оилавий цехда тайёрланаётган ғиштин плиткаларни ўрнатиш осон, қолаверса, лой қоришмаларга эҳтиёж бўлмайди. Кўриниши пардозбоп ва сифатли маҳсулотга талаб ошаётгани бу ерда барқарор иш юритишни тақозо этмоқда.
Элёржон Эргашов ёш тадбиркор. Андижон шаҳрида касб-ҳунарни ўрганиб, зарур малакани ўзлаштириб, керакли жиҳозларни пойтахтдан буюртма асосида тайёрлатиб, келтириб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Умумий қиймати 100 миллион сўмни ташкил қиладиган лойиҳа кунига ўртача 30-40 метр квадрат ҳажмдаги плиткаларни тайёрлаш имконини бермоқда. Ҳар квадрат метри 65 минг сўмдан 90 минг сўмгача тайёрлаб сотилаётган маҳсулотнинг ортидан оила яхшигина даромад кўрмоқда. Ассортименти устида ишланаётган маҳсулот кунига 30 квадрат метрдан орттириб харидорларга етказилмоқда.
—Бу маҳсулотни тайёрлашга бўлган қизиқиш мени водий вилоятига бошлагани бугунга келиб ўзини оқламоқда. Бир қарашда қийин ишдай туйилгани билан, мураккаб иш эмас экан,—дейди цех раҳбари, ёш ишбилармон Элёр Эргашев.—Қоришмалар учун алоҳида дастгоҳдан фойдаланишимиз ишимизни янаям енгиллаштиради. Қоришмага ранг ва бошқа маҳсулотларни меъёрида солиш унинг жозибадорлигини оширади. Қизил, сариқ, қора ва яна ўндан ортиқ тусдаги фасад плиткаларини тайёрлашни бошлаганимизга ҳадемай бир йил тўлаётган бўлса, шу қисқа вақтда ўнлаб харидор топиб, бино-иншоотлар қурилиши ва таъмирида ҳиссамиз қўшилаётганидан мамнунмиз. Қолаверса, бу биз учун ҳам яхши тажриба, ҳам даромад манбаи. Муҳими, харидорларга буюртмаларни ўз вақтида етказиб бериб, улар ишончини оқласак, бас.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати