Ромитанда “Навбаҳор” маданият маркази очилди
2024-09-20 12:10:00 / Янгиликлар

Шу нуқтаи назардан, бу борада вилоятимизда ҳам кенг кўламли чора-тадбир ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ромитан тумани, “Тошработ” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритиб келган 34-сонли “Навбаҳор” маданият маркази яқинда маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан қайта таъмирдан чиқарилиб, талаб даражасида жиҳозланди.
— Бино ўтган аср 80-йилларида қурилган бўлиб, собиқ жамоа хўжалиги идораси сифатида фойдаланиб келинган, — дейди мазкур “Навбаҳор” маданият маркази раҳбари Дилмурод Муродов. — Кейинчалик иншоот туман маданият бўлими балансига ўтказилгач, 2017 йилда қайта реконструкция ишлари амалга оширилиб, янгича кўринишда, “Челонғу” маданият ва аҳоли дам олиш маркази сифатида фаолият кўрсатиб келди. 2023 йилда 34-сонли “Навбаҳор” маданият марказига айлантирилган муассасада ўтган ойда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, анъанавий хонандалик, рубоб, дойра, қонун, фортепъяно каби мусиқа тўгараклари ўтказиладиган хоналар алоҳида жиҳозланди. Бу ишларга қарийб 300 миллион сўм маблағ сарфлангани ҳолда, марказнинг замонавий қиёфа касб этишида “Romitan nevropair” МЧЖ бинокорлари алоҳида жонбозлик кўрсатишди.
Худди шундай, марказ кутубхонаси ташкил қилиниб, унда 2 мингтадан ортиқ китоб фонди яратилди. Кинозали барпо қилиниб, ўсмирлар ва болалар учун кинофильм ва мультифильмлар намойиш этиладиган бўлди. Айни кунда 16 нафар ишчи-педагог, тўгарак раҳбари фаолият юритаётган марказга санъатга қизиқувчи юздан ортиқ ўғил-қиз турли тўгаракларга қатнамоқда.
“Навбаҳор” маданият марказини фойдаланишга топшириш тадбирида республика маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Таджиханов, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Шерзод Тилавов, шунингдек, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар мазкур маданият маскани ҳудуд аҳолиси, жумладан, ёшлар ўртасида маданият ва санъатни кенг тарғиб этиш, истеъдодли йигит-қизларни тарбиялаб етиштиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Рамзий лента қирқилгач, йиғилганлар марказда маданият ходимлари, ёш мусиқа шинавандалари учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати