Олот: "Пичоқчи"даги умумтаълим мактаби 300 ўринли қўшимча ўқув биносига эга бўлмоқда
2024-09-19 17:25:00 / Янгиликлар
Шу нуқтаи назардан, сўнги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Олот туманида ҳам кўплаб зиё масканлари янгидан барпо қилиниб ёки капитал таъмирланиб, моддий-техник имкониятлари яхшиланаётгани эртамиз эгалари таълим-тарбияси учун муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўтган ойларда олис "Пичоқчи" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 24-сонли умумтаълим мактабида ҳам қўшимча ўқув биноси қурилиши жадал старт олганди. Шу кунга қадар мазкур мактабда 180 нафар ўқувчига мўлжалланган ўқув иншоотидан фойдаланиб келинган бўлса, кейинги пайтда бино таъмирталаб аҳволга келгани, қолаверса, ҳудудда аҳоли сони ўсгани баробарида улар фарзандлари учун янги ўқув биносига эҳтиёж кучайгани сабабли туман ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан мазкур лойиҳага қўл урилди. Эндиликда синфхоналар етишмаслигига барҳам берилмоқда ва шу боисдан ўқишни икки сменада ташкиллаштиришга ҳожат қолмади.
Мазкур лойиҳа умумий қиймати 2 миллиард 856 миллион сўмга молиялаштирилган бўлиб, замонавий андозадаги қўшимча мактаб биноси "Бунёд Шахзод файз" МЧЖ бинокорлари томонидан бунёд этилмоқда. Шу кунларда мазкур, 300 ўқувчини ўз бағрига оладиган икки қаватли иншоотда пардозлаш ва монтаж ишлари бажарилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда. Муҳими, яқин кунларда пичоқчиликлар учун янги замонавий қўшимча ўқув иншооти фойдаланишга топширилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати