Вобкент: “Ташаббусли бюджет” доирасида мактабда футбол ва волейбол майдончалари, "Ўзбакон"да кўприк қурилмоқда
2024-09-14 18:30:00 / Янгиликлар
Лойиҳа жараёнининг биринчи мавсумида маҳалла аҳолиси ташаббуси ва якдиллиги туфайли қўлга киритилган ғолиблик асосида таълим даргоҳида шу кунгача мавжуд бўлмаган сунъий қопламали янги фудбол ва волейбол майдончалари қуриб битказилиб, мактабнинг спортсевар ўқувчилари ихтиёрига топширилди. Бунинг учун аҳоли томонидан 1952 та овоз тўпланиб, натижада бюджет маблағи ҳисобидан 750 миллион сўм сармоя шу мақсадда йўналтирилгани кўпдан кутилган янгилик бўлди.
Вобкент туманидаги "Ўзбакон" МФЙ дан ўтувчи автомобил йўли, “4к-212” русумли "Ромитан-Хайрхуш-Хайробод" автомобил йўлининг айнан шу қишлоқдан ўтувчи "Аму Бухоро канали" устидаги кўприги кейинги йилларда таъмирталаб аҳволга келиб қолганди. Вилоят ва туман масъуллари, ишчи гуруҳлар ўрганишларидан сўнг кўприкни тез кунда таъмирлаш чора-табири кўрилди.
Ўзбакон билан бошқа маҳаллаларни боғлаб турган, айни пайтда эни 14 метр, узунлиги 24 метрдан иборат мазкур кўприк ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган бўлиб, унинг қатнов қисми 1989 йилда ҳар икки тарафга 12 метрли плита асосида кенгайтирилган эди.
Ниҳоят, шу йил август ойидан мазкур кўприкни Ромитан йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси пудратчилигида қайта таъмирлаш-тиклаш ишларига жадал киришилди. Бу ишга 20 нафар ишчи-мутахассис, 7 та махсус техника воситаси сафарбар қилинган. Бажарилаётган иш ҳажмига кўра, бу манзилдаги кўприкда йўловчи ва автомобиллар қатнови учун вақтинчалик айланма йўл ҳам ташкил этилди. Ҳадемай, қайта мустаҳкам кўринишда барпо қилинаётган кўприк аҳоли фойдаланувига топширилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати