Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасидаги янгиланишлар
2024-09-13 10:30:00 / Янгиликлар
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифлари давомида берилган тавсияларига биноан аввало, “Тоқи миёна” дарвозасидан борувчи тарихий йўлак тиклангани, энди зиёратчилар Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига суннатга мувофиқ қибла тарафдан юриб боришлари, юз йил вайрон бўлиб ётган бу дарвозанинг тиклангани—ўзликни англаш, тарихга ҳурматимиз ифодасидир. Бу тарихий аҳамиятга эга ёдгорлик мажмуасидаги ҳар бир обида, хонлар даҳмалари ўз битигига эга бўлиб, зиёратга келаётганлар қадамма-қадам тарихни ўрганиб, маънавий руҳ олишаётгани ҳам ҳақиқат.
Эндиликда “Тоқи миёна” дарвозасининг икки ёни боққа айлантирилгани, кўп асрлик тарихдан сўзловчи музей ва унинг ёнидан таҳоратхона барпо этилгани, шунинг баробарида йўқолиб бораётган “Дониёлбий” мадрасаси қайта тиклангани юқоридаги фикримиз далолати. Тарихий мажмуа айни пайтда юртимиз олимлари, илмий тадқиқотчилар томонидан ҳам чуқур ўрганилиб, улуғ Пир Баҳоуддин Нақшбанд сиймосига бўлган қизиқиш кучаймоқда.
Нақшбанд илмий мероси ўрганилмоқда. Чет давлатлардан тарихий-илмий манбаларни топиб, олиб келиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, музейни Имом Бухорий мажмуасидагидек мазмунан бойитиш йўлида изланишлар бошланган. Шунингдек, муқаддас қадамжо ҳудудида зиёратчилар, жумладан, хорижий туристлар учун қулайликларни кенгайтириш, қишга ҳам, ёзга ҳам мос шароитлар яратиш бўйича амалий ишлар адо этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Баҳоудин Нақшбанд мажмуасида ўтган 2023 йилдан бошлаб катта бунёдкорлик ишлари амалга ошириб келинмоқда. Ҳозирга қадар зиёратгоҳ атрофи деворлари янгиланди, мажмуа ичкарисидаги йўлаклар тўлиқ таъмирланди. Ўтган ойларда “Тоқи Миёна” дарвозаси, “Дониёлбий Оталиқ” мадрасаси тарихий кўринишини тиклаш, 100 кишига мўлжалланган эркаклар ва аёллар таҳоратхонаси, музей, “Даҳмаи шоҳон” даҳмаси ва бошқа бир қатор тарихий объектларни қайта қуриш ишлари кенг кўламда олиб борилди.
Маълумотларга кўра, қадимда Бухоро шаҳрининг 11 дарвозасидан бири саналган “Мозори Шариф” дарвозасидан тўғри йўл бўлиб, “Тоқи Миёна” дарвозасидан мўътабар Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига кирилган. “Дарвозаи Диловар” комплексида амир Дониёлбий томонидан барпо этилган мадраса, ўзи ва яқинлари учун қурилган мақбаралар бўлган. Мазкур мадрасада талабаларнинг яшаши учун барча шарт-шароит яратилган.
Диний таълим даргоҳи саналган мадрасада шунингдек, эҳтиёжманд беморларга бепул озиқ-овқат, кийим-бош, даволаниш учун дори-дармон берилиб, керакли муолажалар кўрсатилган. Минг афсуски, мадраса ўтган асрнинг 30-йилларида тўлиқ вайрон қилинган. Бугунги кунда мадрасанинг бизгача етиб келган пойдевори археологлар томонидан аниқланиб, сақланиб қолган эски фотосуратлар,чизмалар ва вақф ҳужжатларига асосан янгидан барпо этилди. Баҳоуддин Нақшбанд даҳмасига олиб борадиган йўлаклар ва “Даҳмаи Шоҳон” деворлари ҳам таъмирдан чиқарилган.
Шу билан бирга, зиёратгоҳ ҳудудига кирган миллий услубдаги янги дарвоза қайта қурилиб, зиёратгоҳ ҳудуди кўкаламзорлаштирилмоқда. Мажмуа атрофида автомобиллар тўхташ жойлари ҳам қурилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатда Маданий мерос агентлиги буюртмачилигида пудратчи томони "Бухоро газ саноат қурилиш" МЧЖ ишчи-мутахассисларининг ҳам алоҳида жонбозлиги бор. Негаки, бунда бажарилган таъмирлаш-тиклаш ишларига 200 нафарга яқин уста ҳамда 30 тадан ортиқ махсус техника воситаси жалб қилингани ҳолда кенг кўламдаги лойиҳа амалиёти бажарилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати