Ғиждувон: унумдор ер, замонавий ёндашув—мўл ҳосил гарови
2026-06-06 18:10:00 / Янгиликлар

Жумладан, Ғиждувон туманидаги “Шоҳрух” фермер хўжалиги ҳам ана шундай илғор тажрибалардан фойдаланиб, моддий манфаатдорликка эришмоқда. Айни кунда 40 гектар ер майдонида асосан пахта ва ғалла етиштириб келаётган хўжаликда 2 гектар ерда барпо қилинган иссиқхонадан ҳам унумли фойдаланиб, деҳқончилик мавсумида баракали ҳосил етиштириб келинмоқда.
Эрта баҳордан ер тайёрланиб, унда серҳосил помидорнинг “Аламина”, “Волгоград” ва бошқа навларидан ҳосил етиштирилаётган бўлса, иссиқхона бир қисмида маҳаллий иқлимга мос лимон буталари парваришланмоқда. Жорий йил кўзланган ҳосилга келсак, 15 тоннадан ошириб помидор, 25 тоннадан зиёд узум ва 4 тонна атрофида цитрус мева олиш ҳисоб-китоб қилинмоқда.
Фермер хўжалигида нафақат иссиқхона фаолияти, балки боғдорчилик ва узумчилик йўналишлари ҳам изчил ривожлантирилмоқда. Барпо этилган мевали боғ, парвариш қилинаётган мевали дарахтлар, серҳосил навларга хос узум токзори қишлоқ хўжалигини диверсификatsiя қилиш, экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулот етиштиришга хизмат қилмоқда. Бу ҳам меҳнатга садоқат, ташаббускорлик ва замонавий агротехнологиялар амалий натижасидир.
Муҳими, ҳозирда айнан “Шоҳрух” каби ўнлаб фермер хўжаликларида етиштирилган сифатли сабзавот-полиз маҳсулотлари, лимон, апельсин ва турфа мевалар билан бирга сархил узум бозорларимизга узлуксиз етказиб берилмоқда. Бундай бунёдкорлик ишлари қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Айтиш жоизки, бу каби ютуқлари билан фермер турдош хўжаликларга ибрат-намуна бўлмоқда.
Баъзи таҳлилларга қараганда, эндиликда тумандаги 1 минг 400 тага яқин хонадон ўз мўъжаз иссиқхонаси — даромад манбаига эга. Буни туман миқёсида ҳисоб-китоб қилганда, жорий йил эрта баҳор мавсумидан қарийб 1200 тоннадан ортиқ картошка аҳоли дастурхони учун етиштирилди.
Шунингдек, аграр тармоғидаги таъминочилар томонидан ҳудуддаги жами 6 минг 800 та деҳқон хўжалиги ихтиёрида бўлган 1 минг 537 гектар экин ери учун кеч куз ва қишки мавсумдан бошлаб сархил сабзавот маҳсулотлари уруғлари етарли миқдорда етказиб берилиб, томорқачиларга яқиндан кўмаклашилаётгани ўз самарасини бермоқда. Зеро, бугун унумдор ер, замонавий ёндашув—мўл ҳосил етиштиришнинг муҳим шарти.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









