Бухоро вилоятининг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳияти тақдимот қилинди
2026-06-06 17:35:00 / Янгиликлар

Бу борадаги принципиал ёндашувлар мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириб, саноат ишлаб чиқариши, туризм ва бошқа соҳаларга тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Айни кунда қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳримизда меҳмон бўлиб турган бир қатор хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари иштирокида “Sahid Zarafshon” меҳмонхонасида “Бухоро вилоятининг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳияти” мавзуида бўлиб ўтган давра суҳбати ҳам шу мақсадга хизмат қилади.
Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Корея республикаси, Чехия, Греция, Латвия, Россия, Туркманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатларнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари, шунингдек, халқаро ташкилотлар масъул вакиллари ҳозир бўлган анжуманни вилоят ҳокими Ботир Зарипов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларга Бухоро вилоятининг айни кундаги иқтисодий, инвестициявий ва бошқа жабҳалардаги салоҳияти, чет эл сармоядорлари учун яратилган имкониятлар хусусида атрофлича маълумот берди.
Хусусан, сўнгги беш йилда ташқи савдо ҳажми икки баравар оширилган. Жумладан, 2025 йилда вилоятимизнинг хорижий давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 1,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, бунда экспорт ҳажми 414 миллион доллар ва импорт ҳажми 1,3 миллиард долларга етказилгани катта ютуқ, албатта. Жорий йил ўтган 4 ойида эса вилоятимиз ташқи савдо айланмаси 540 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, экспорт ҳажми 132 миллион доллар ва импорт ҳажми 408 миллион долларга етказилган.
Вилоятимизда сўнги 8 йилда хорижий инвестиция иштирокидаги корхона сони 5 бараварга ошиб, турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида бугунга келиб вилоятимизда 400 дан ортиқ хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият кўрсатмоқда.
Қувонарлиси, сўнгги йилларда мамлакатимизга, хусусан, Бухорога келаётган сайёҳлар ва меҳмонлар сони жадал суръатлар билан ортмоқда. Мамлакатимиз Президенти томонидан туризм соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида, айниқса, дунёнинг 90 дан ортиқ давлати учун визасиз режим жорий этилгани самарасида сўнгги 8 йилда Бухорога ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар сони сезиларли ошган. Масалан, ўтган йилда ташриф буюрган хорижий сайёҳ сони 3,5 миллион нафардан, маҳаллий сайёҳ сони эса 5 миллион нафардан ошиқни ташкил этди.
Хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари, халқаро ташкилотлар масъул вакиллари билан самимий руҳда кечган мулоқотда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Абдурасул Акрамов, вилоят туризм бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бобир Тўхсановлар ҳудуд иқтисодий салоҳияти, шунингдек, туризм соҳаси ривожига дахлдор ҳисоботларини тақдим этдилар. Бу тўғридаги видеороликлар йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.
Анжуманда Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги вакили Тойво Калар, шунингдек, Греция, Латвия, Чехия, Руминия ҳамда Туркманистон республикаларининг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари Параскеви Тзевелики, Гиртс Яунземс, Лубомир Фреборт ва Шадурди Мередов, Даниэл Кристиан Чобанулар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этиб, янги лойиҳалар истиқболига катта ишонч билдирдилар. Улар давлатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









