Олот: "Эски Олот" маҳалласида "Lider кids" мактабгача таълим ташкилоти очилди
2026-05-29 19:50:00 / Янгиликлар

Маскан очилиш маросимида туман мутасаддилари, мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, ота-оналар ҳозир бўлдилар. Бу муассасани фойдаланишга топширилиши баркамол авлод таълим-тарбиясига қаратилган эътибор, қолаверса, бу нафақат болажонлар, балки улар ота-оналари учун ҳам катта совға бўлгани таъкидланди.
Мазкур оилавий мактабгача таълим ташкилоти замонавийлиги ва қулай шарт-шароити билан ажралиб туради. Хоналарнинг ёруғ ва шинамлиги, болалар учун яратилган ўқув ҳамда ўйин майдончалари, ошхона ва ётоқхоналар, сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилган имкониятлар болажонларнинг баркамол авлод бўлиб вояга етишишига хизмат қилади.
Муассаса нафақат мактабгача таълим маскани, балки, маънавият қўрғони сифатида ҳам фаолият юритади. Бу ерда ёш авлоднинг билимли, одобли, Ватанга муҳаббат руҳида тарбияланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Иншоотни фойдаланишга топшириш тадбирида болажонларга эсдалик совғалари улашилиб, ота-оналар томонидан ушбу ташаббус мамнуният билан кутиб олинди. Эртамиз эгалари бўлган ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган бундай эътибор юрт равнақи, оилалар фаровонлиги, уларда вояга етаётган норасида фарзандлар эрта саводхонлигини чиқаришда муҳим воситадир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







