Ботир Зарипов Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ICAO) Европа ва Шимолий Атлантика бюроси (EUR/NAT) минтақавий директори Николас Ралло билан учрашди
2026-05-26 11:05:00 / Янгиликлар

Николас Ралло ICAO EUR/NAT минтақавий директори сифатида 56 та давлатда фуқаро авиацияси хавфсизлигини таъминлаш, ҳаво навигацияси салоҳияти ва самарадорлигини ошириш ҳамда экологик тоза авиацияни ривожлантиришга раҳбарлик қилмоқда.
У раҳбарлик қилаётган ушбу ташкилот (ICAO) парвозлар хавфсизлигини ошириш бўйича ўзининг "COSPA" деб номланган махсус пилот дастурини дунёдаги 193 та аъзо давлат ичидан биринчи бўлиб айнан Ўзбекистонда жорий этишни бошлаган.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, глобал авиация тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, авиация инфратузилмасини ривожлантириш, парвозлар хавфсизлиги даражасини ошириш борасидаги масалаларни муҳокама қилди.
Жаноб Николас Ралло Ўзбекистон авиация маъмурияти томонидан соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар суръатини юқори баҳолаб, фуқаро авиацияси йўналишидаги барқарор ўсиш ва ислоҳотлар самарасини алоҳида қайд этди.
-Асли Италияликман. Ўзбекистонда кўп маротаба бўлганман. Лекин Бухорога биринчи бор келишим. Бу шариф шаҳар ҳақида Италиянинг энг чекка ҳудудларидаям яхши билишади. Тарихий обидаларни зиёрат қилишга ошиқишади. Маълумки, узоқ хорижликлар учун Ўзбекистоннинг дарвозаси бу – аэропорт. Сайёҳлар оқимини янада ошириш учун авиақатновларни кўпайтириш жуда муҳим. Шу жиҳатдан ҳамкорлигимиз яхши самара беради, деб ўйлайман, -деди Николас Ралло.
Ўз навбати вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро вилояти ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ICAO) Европа ва Шимолий Атлантика бюроси (EUR/NAT) ўртасида авиация соҳасини ривожлантириш, жумладан, хорижий авиакомпаниялардан самолётларни лизинг асосида жалб қилиш, бу борада ҳамкорлик механизмларини белгилаш, хорижий давлатлардан Бухоро вилоятига қорамол етказиб беришда юк ташувчи авиакомпаниялар хизматларидан фойдаланиш учун логистик тизимни шакллантириш, маршрутлар ва ҳамкорлик механизмларини белгилаган ҳолда етакчи авиакомпаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, вилоят аэропорти хизматларини такомиллаштириш мақсадида хорижий аэропортлар билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш, илғор хорижий аэропортлар билан тажриба алмашиш ва стратегик ҳамкорлик ўрнатиш, замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш, хорижий авиакомпаниялар раҳбарлари билан инвестицион мулоқот ўрнатиш, Бухоронинг туризм салоҳиятини халқаро авиакомпаниялар орқали (самолёт борти, инфлайт медиа платформалари тизимлар ва бошқа каналлар) тарғиб қилиш каби қатор таклифларни илгари сурди.
Учрашув якунида фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
