Когон шаҳри: “Ёшлик” спорт мактабида янги спорт зали очилди
2026-05-22 13:40:00 / Янгиликлар

Керакли инвентарлар билан жиҳозланган мазкур спорт мажмуаси бокс, кикбоксинг ва таэквон-до спорт турлари билан шуғулланиш учун барча зарур шарт-шароитга эга.
—Ҳудудда ёшларни оммавий спортга жалб қилишда зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, айни кунда шаҳримиздаги 19 та маҳалла фуқаролар йиғинида жами 67 мингдан ортиқ аҳоли вакили умргузаронлик қилаётган бўлса, шундан 14-30 ёшдаги йигит-қиз сони 23 мингдан ошиқни ташкил этмоқда. Уларни жисмонан чиниқтириш мақсадида 12 та умумтаълим мактабида ташкил қилинган 98 та спорт гуруҳларига жалб қилганмиз,—дейди спорт мактаби директори Сардор Рўзиев.—Ҳозирда 1300 дан ошиқ ёшлар мазкур спорт гуруҳларида 38 нафар малакали мураббий қўли остида спорт билан шуғулланишмоқда. Қолаверса, мактабимиз тасарруфидаги 3 та спорт базасида спорт секцияларини кўпайтириб, имкон қадар кўпроқ ёшларни спортга жалб қилиш чораларини кўрмоқдамиз.
“Ёшлик” спорт мактабида янгидан барпо этилган спорт зали ҳам шу мақсадда яратилган яна бир имконият. Иншоот очилиш тадбирида шаҳар ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, шунингдек, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирда мутасаддилар ёш спортсеварларни бу қувончли воқеа билан самимий муборакбод этиб, унда яратилган шарт-шароит келажакда улкан ютуқлар сари хизмат қилишига, ўсиб келаётган баркамол авлоднинг вилоят, республика ва халқаро мусобақаларда Когон шаҳри ҳамда вилоятимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишларига қатъий ишонч билдирдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









